Поездга тош отган болаларнинг ота-онасига чора кўрилди

Шу йилнинг 6 сентябрь куни соат 17.55 атрофида "Мароқанд – Жума" темирйўл бекатлари оралиғининг 3743-километрида 4 нафар вояга етмаган бола “Тошкент – Қўнғирот” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган йўловчи поездига тош отгани аниқланди.
Суриштирув ишлари натижасида бу болалар Паст Дарғом тумани Тўқбой маҳалласида яшаши маълум бўлди ва уларнинг ота-оналарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси биринчи қисми билан жарима жазоси қўлланилди.
Мазкур ҳолат маҳалла ва болалар таълим оладиган мактабда муҳокама қилиниб, темирйўл билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ота-оналар ва ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Маълумот учун айтиш мумкинки, транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасининг "Мароқанд" бекатидаги хизмат кўрсатиш ҳудуди 95,5 километрни ташкил этиб, темирйўл атрофидаги маҳаллалар, таълим муассасаларида мунтазам профилактик тадбирлар ўтказиб борилади. Шунга қарамай юқоридаги сингари ҳолатларнинг юзага келиши оқибатида аҳолига тегишли тартибда жавобгарлик чоралари қўлланилмоқда.
У.Аслонов,
вилоят транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси инспектори.