Покистондаги терактда 4 киши ҳалок бўлди
Кеча, якшанба куни Покистон жануби-ғарбий Балужистон вилоятида содир бўлган теракт оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлди, 20 га яқин киши яраланди. Маҳаллий ҳукумат маълумотига кўра, мотоциклли худкуш террорчи полиция машинасини уриб, вилоят маркази - Кветта шаҳридан 25 километр жанубда, Кветта-Мастунг йўлидаги назорат-ўтказиш пункти яқинида портловчи мосламани портлатиб юборган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси чегарачилар. Айрим яраланганларнинг аҳволи оғир, қурбонлар сони ортиши мумкин.
Ҳужум учун жавобгарликни мамлакат шимоли-ғарбида ва Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда фаолият юритувчи «Покистон Толибон ҳаракати» ўз зиммасига олди. У «Толибон» билан боғлиқ ҳолда мамлакатда "Исломий давлат" тузиш учун курашмоқда.
Газ ва минералларга бой провинциянинг мустақиллиги учун кураш олиб бораётган балужилик сепаратив гуруҳлар фаоллиги туфайли йигирма йилдан буён Балужистонда кескинлик сақланиб қолмоқда.
Бу ердаги хавфсизлик кучларига қилинган сўнгги ҳужумларнинг аксарияти «Балуж озодлик армияси» ва «Балуж озодлик фронти» томонидан амалга оширилган.
Эрон ва Афғонистон билан чегарадош бўлган Балужистон Покистон жануби-ғарбий қисмидаги муҳим вилоят бўлиб, у ерда Хитой Республикаси «Хитой-Покистон иқтисодий коридори»га тегишли лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Бу лойиҳаларга кўра, йўллар қуриш, электр станциялар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга миллиардлаб доллар сарфланди.
Сўнгги йилларда Хитой Араб денгизидаги Гвадар сувости ишлари портини ривожлантиришда муҳим роль ўйнамоқда. Аммо бу ерда меҳнат қилаётганларга такрор ҳужумлар уюштириляпти.
Ўтган ой худкуш террорчи хитойлик ишчилар кетаётган машина ёнида бомба портлатиб, йўл четида ўйнаётган икки покистонлик боланинг умрига зомин бўлди, порт шаҳри Гвадарда Хитой фуқароси ва яна икки покистонлик яраланди. Шунингдек, ўтган ойда сепаратистлар Покистон мустақиллиги кунида Кветта шаҳридаги миллий байроқлар дўконига қўлбола граната улоқтиришди. Бир киши ҳалок бўлди, тўрт киши яраланди.