Портлатилган мақбара ёки Нуриддин Басир ёдгорлиги ҳақида сўз

Амир Темур тариқат пирлари ва буюк шахсларга ғоят ҳурмат-эътибор билан қараган, уларнинг шарафига мақбара-ю масжидлар бино эттирган. Яссида Хожа Аҳмад Яссавий, Самарқандда Мир Саййид Барака, Бурҳониддин Соғаржий хотирасига тикланган меъморий ёдгорликлар шулар жумласидандир.

Соҳибқирон эътиқод қўйган ва муборак хотирасини ёд этиб мақбара курдирган зотлардан яна бири шайх Нуриддин Басир ҳазратлари эди. У кишига атаб қурдирилган меъморий обида Амир Темур фармойиши билан бунёд этилиб, Соҳибқироннинг Арк ичида, Регистон тарафга қараган дарвозаси ва девори ёнида қурилган. Аммо у бугунги кунга қадар сақланиб қолмаган.

Асли нужкентлик бўлган Нуриддин Басир Тошкент шаҳрига яқин Қуйи Орифон мавзесида истиқомат қилган машҳур шайх Зайниддин Сухровардийдан (ХIII асрнинг искинчи ярмида яшаб ўтган) тарбия олади. Нуриддин Басир шайхлик мақомига етгач, пирининг таклифи билан Самарқандга кўчиб келиб, Наводон булоғи ёқасида жойлашган Масжиди Кабуд (Кўк масжид)да ўрнашади ва шайхлик қилади. У киши тариқатда "жаҳрия", яъни товуш чиқариб зикр тушиш йўлини тутган. Ёшликдан онадан кўзи ожиз туғилиб, "Басир" лақабини олган. У муршиди шайх Зайниддин тарбияти остида авлиё даражасига кўтарилиб, юксак мақомга етади. У кишидан “Сизнинг замонангизда қутб (авлиё муаллифлар) кимдир?" деб сўраганларида, у зот: "Биродарим Абдулло ўн учинчи қутбдир, мен эса ўн тўртинчиман", дея жавоб берган ва шу боис халқ орасида "Қутби чордаҳум" сифатида танилган.

Сухровардия таълимотининг давомчиси Нуриддин Басир 1342 йилда вафот этади. Шайхни васиятига кўра, Наводон булоғи ёнида дафн этадилар.

Соҳибқирон ҳазратлари не сабаб билан шайх Нуриддин Басирга атаб мақбара бунёд эттирди? Биринчидан, Амир Темур ислом ва тасаввуф акобирларига катта эътиқод ва ихлос билан қараган. Иккинчидан, Нуриддин Басир ҳам ўз даврининг буюк алломаси эдики, у зотнинг кароматини ҳазрат Амир Темур кўп бор эшитган. Чунончи, шайх Нуриддин Басир Самарқанд фуқароси ва подшоҳларини доимо дину маърифатга ва диёнатга даъват этган. Бу хусусда Абул Ҳакими Самарқандийнинг (XIX аср охири на ХХ аср бошида яшаб ўтган) "Қандия" асарида талайгина нақллар келтирилган. Ушбу асарда ва Абу Тоҳирхожанинг "Самария" асарида ёзилишича, Амир Темур шайхзода Абу Саййид бин ҳазрати шайх Бурҳониддин Соғоржийдан ишларининг олдинга кетишини тилаб ёрдам сўраганида у киши шайх Нуриддин Басир қабрини зиёрат қилишни буюрган экан. Шайхзода Абу Саййид маслаҳатига кўра, ҳазрат Амир Темур Нуриддин Басир мозорини зиёрат қилган ва ул зотнинг муборак ҳокини Самарқанд арки ҳудудига киритиб, қабри устига гўзал ва маҳобатли бир мақбара солдирган, гумбази устига эса олтин қубба ўрнатган экан. Маълумки, Самарқанд арки ва арк деворларининг қурилиши XIV асрнинг 70-йилларига тўғри келади. Шунга асосланиб, Галина Пугаченкова Нуриддин Басир мақбараси 1371-1372 йиллар мобайнида қурилган, деб хулоса чиқаради.

Мақбара биноси ташқи жиҳатдан Амир Темур бунёд эттирган бошқа обидаларга ўхшайди. Ушбу ёдгорлик 1881 йилга қадар сақланган. Самарқандни 1868 йилда Чор Россияси босиб олганидан сўнг, улар Амир Темурнинг Арк қалъасидан истеҳком ўрнида фойдаланган ва бу ерда мудофаа манфаатларига мослаб талай қайта қуришларни амалга оширган. Чамаси, мақбара ўрнашган жой ана шундай сафарбарлик ишларини бажаришда рус корчалонларига халақит берган. Галина Пугаченкованинг таъкидлашича, ўшанда шайхнинг қабри маҳаллий диндорлар билан келишилган ҳолда Афросиёбга кўчирилади. Мақбара эса портлатилиб, ғиштлари бузилгач, Арк қалъа деворларини мустаҳкамлаш ва бошқа сафарбарлик ишлари учун фойдаланилади. Мақбарани дастлаб уч пуд (заряд) билан портлата олмайдилар. У шунчалик мустаҳкам қурилган эканки, уни батамом яксон қилиш учун ўн пудлик порох зарур бўлган.

Хўш, мақбаранинг меъморий тузилиши қандай бўлган? Портлатишдан илгари, 1878 йилда унинг тарҳи ва баландлиги ўлчаниб, чизма қилинади. А.Кун "Туркистон альбоми"га киритган мақбаранинг сурати ва бояги чизмани бинонинг тарҳи ва бичимини профессор H.Веселовский 1905 йилда нашр эттиради.

Ана шу чизма ва суратга асосланиб, мақбаранинг меъморий тузилиши ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бундан ташқари, мақбаранинг ташқи кўринишини рус рассоми В.Верешагин ҳам Самарқандда бўлган кезлари аслига қараб чизган. У чизган иккита суратнинг бирида мақбара гумбази, гумбазости гардиши ва безаклари тасвирланган. Буларнинг барчаси бир-бирини тўлдиради.

Айтиш мумкинки, мақбара биносини Соҳибқирон Амир Темур меъморий жиҳатдан ўта салобатли ва маҳобатли тарзда ишлатган. Бино анча салобатли бўлиб, гумбазининг тепасигача 20 метрни ташкил этган. Мақбара узоқ-узоқдан ҳам кўзга ташланиб, шаҳар манзарасига ўзига хос ҳусн қўшиб турган. Мақбаранинг сиртқи мовий гумбази остида безакдор ички гумбази ҳам бўлган. Шайх Нуриддиннинг онаси дафн этилган мақбара ва бошқа хоналар кейинчалик қўшилган. Нуриддин Басир мақбараси Амир Темур қурдирган мақбаралар тарихида алоҳида ўрин тутади. Негаки, у Соҳибқирон даврида Самарқандда бунёд этилган илк мақбаралардан биридир.

Шоҳи Зиндада 1365-1386 йилларда қурдирилган Ширинбека оқа мақбараси ҳам гумбази ва гардишининг тузилиши жиҳатидан Нуриддин Басир ёдгорлигига ўхшаб кетади. Бироқ шайх мақбараси бичими жиҳатидан Ширинбека оқа мажмуасидан анча йирик, гардишидаги безаклари эса соддароқдир. Умуман, Нуриддин Басир мақбараси ўша даврда қурилган Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуалари (Шодимулк, Амирзода, Ширинбека оқа ва бошқалар) билан таққослаб қаралса, шайх мақбарасининг меъморий қурилиши ўзига хос экани аён бўлади.

Қутби чордаҳумни меъморий жиҳатдан Амир Темур мақбарасининг ибтидоси деб ҳам қараш мумкин. Чунки Амир Темур мақбараси шайх мақбарасидан ўлчами ва шакли жиҳатидан салобатлироқдир. Унинг асосий меъморий ҳажми кубли эмас, саккиз қирраликдир. Устидаги гардиши ва тоқ гумбази эса Қутби чордаҳумникига нисбатан анча уйғун ва нафис ўлчамларда ишланган. Бироқ гардишдаги йирик куфий ёзуви ва гирих нақшлар шайх мақбарасиники билан ўхшаш.

Қутби чордаҳум композицион ечими билан шаҳардаги меъморий ансамблларни шакллантиришда муҳим ўрин тутган. Чунки Соҳибқирон даврида Самарқандда бунёд этилган учта йирик мақбара - Қутби чордаҳум, Руҳобод ва Амир Темур композицион жиҳатдан тўғри бир чизиқ бўйлаб жойлашган бўлиб, улардан Соҳибқироннинг руҳий ва дунёвий пирлари - Нуриддин Басир, Бурҳониддин Соғаржий ва Мир Саййид Барака ҳоклари ором топган эди. Бундан кўринадики, Амир Темур нафақат пири Саййид Барака оёғи хоки пойида, балки Нуриддин Басир ва Бурҳониддин Соғаржий каби буюк зотлар хоки туробидан ҳам қуйироқда ётмоқни мурод этган эканлар. Амир Темур мақбарасининг ана шу мақбаралардан энг сўнггиси эканини назарда тутсак, Мир Саййид Барака вафотидан сўнг ул зотнинг жисми зори Андхуйдан келтирилиб, Амир Темур мақбарасида дафн этилгани ҳамда Соҳибқирон Амир Темур ўзини ул ҳазратнинг оёғи учига дафн этилишини васият қилгани замирида ниҳоятда катта маъно яширинганини  фаҳмлаб оламиз.

Нуриддин Басир мақбараси Темур ва темурийлар даврида нафақат Самарқанднинг меъморий ва шаҳарсозлик тизимида, балки шаҳар ижтимоий ҳаёти ва руҳий дунёсида ҳам муҳим ўрин тутган. Агар у Чоризм истилоси даврида портлатилмаса эди, шубҳасиз, то бугунги кунгача (Руҳобод, Амир Темур ёдгорликлари каби) Соҳибқирон бобомизнинг ибрат мактабидан жонли бир намуна сифатида ҳикоя сўзлаб турарди. Афсуски, энди шаҳарликлар ва сайёҳлар уни Регистондаги Тиллакори масжид-мадрасаси ичида ташкил этилган кўргазма залида томоша қилиши мумкин.

Самарқанд вилояти ҳокимлигининг туризмни ривожлантириш департаментига Нуриддин Басир мақбарасини ўз тарихий жойида, юқоридаги маълумотлар асосида аслидай қилиб қайта тиклаш таклифи киритилган. Борди-ю, бу таклиф мутасадди ташкилотлар ва мутахассислар томонидан маъқулланиб амалга ошса, ушбу мақбарани сайёҳлар учун натурада томоша қилиш имконияти яратилади ва Самарқанд шаҳрининг тарихий муҳити яна битта Темурийлар даври обидасига бойийди.

Ахтам УРАЛОВ,

СамДАҚИ профессори, меъморчилик фанлари доктори.