Пойтахтдаги янги метро линияси қурилишидан зарар кўрган тадбиркор манфаати ҳимояланди

“TARLEPLAST” масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига Тошкент шаҳар ҳокимлигидан унга етказилган зарарни ундириб беришни сўраб мурожаат қилди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳрида янги метро линиясини қурилиши бўйича олиб борилган ишлар давомида тадбиркорлик субъектига тегишли бўлган кўчмас мулк объектига зарар етказилган ва унинг мазкур зарарни тўлаб бериш ҳақида қилган мурожаатлари ваколатли идоралар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Мурожаатни ўрганиш якунлари бўйича тегишли баҳоловчи идоранинг хулосаси асосида тадбиркор манфаатини кўзлаб Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Мазкур ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, суд томонидан жамият фойдасига Тошкент шаҳар ҳокимлигидан 181,6 миллион сўм миқдорида зарар ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Б.Бобомуродов,

Бизнес-омбудсманнинг етакчи инспектори.