Президент мени нега эслади ёхуд гидрометеорология керакми?
У фақат об-ҳаво маълумоти билан шуғулланадиган ташкилот эмас.
Давлатимиз раҳбари мазкур хизмат муҳокамаси бўйича ўтказган йиғилишида Самарқанд вилоятида раҳбарлик қилган йилларини ёдга олди: “Эсингиздами, Одил Мирзаев ҳар тонг қабулимга маълумотлари билан келиб турарди”, деди раҳбарлардан бирига.
Президент мени нега эслади?
Йўқ, бу ерда гап мен ҳақимда эмас. Соҳанинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида кетаётганди. Негаки, ўша пайтда Ш.Мирзиёев вилоятнинг биринчи раҳбари сифатида деярли барча ишларни гидрометеорологик маълумотлар асосида ташкил қилишга ҳаракат қиларди. Йиғилишда буни хотирлашдан мақсад, гидрометеорологиянинг ўрни ва аҳамиятини аниқ ҳаётий мисолларда очиб беришдан иборат эди.
Тўғри, бугун гидрометеорология хизматининг моддий-техник базаси эскирган. Аммо ўша 2000 йилларда мавжуд ускуналар асосида тайёрланган маълумотлар кўпгина соҳалар фаолиятида муҳим аҳамият касб этганди.
Мисол учун, қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, чигитни ерга қадаш учун тупроқда белгиланган намлик, об-ҳаво ҳарорати керак. У қайси ҳудудда қачон бўлади? Бу гидрометеорологик маълумотларда акс этади. Шу маълумотлар асосида иш ташкил қилиниши ортиқча оворагарчиликларга ўрин қолдирмайди. Қолаверса, сифат ва самара ортишига хизмат қилади.
Айтилган муддатда чигит экилмагач, ғўза униб чиқиши қийинлашади, ҳосилдорлик камаяди. Тупроқда намлик меъёри бўлса-ю, об-ҳаво ҳарорати меъёрдагидек бўлмаса, ёки аксинча бўлса яна гидрометеорология маълумотларига қараларди.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз бугун аксарият мамлакатларда катта пулга олинадиган, бизда эса қарийб текин бериладиган гидрометеорология хизматининг қадри тушиб кетганига алоҳида эътибор қаратди.
Ҳар ким об-ҳавога қизиқади. Аммо ...
Эътибор қилганмисиз, деҳқон ҳам, чўпон ҳам осмонга қарайди. Об-ҳавонинг авзойи унинг ишини, келгусида даромадини белгилайди.
Аслида, гидрометеорология хизмати нафақат қишлоқ хўжалиги, шу билан бирга энергетика, транспорт ва экология каби бир қанча соҳалар учун жуда муҳим. Мисол учун, бирон бинога пойдевор қуриш учун ҳам об-ҳаво маълумоти керак. Чунки у ёғингарчиликсиз ўтган 20-25 кунда қуриса мустаҳкам бўлади.
Соҳадаги 45 йиллик фаолиятимдан бунга юзлаб мисоллар келтиришим мумкин. Мисол учун, 2008 йилгача тоғларда қанча қор борлиги, биринчи вегетация даврида вилоятимизга қанча сув келишини гидрогеологларимиз билан ўрганиб келардик.
Умуман, гидрологлар ҳар бир сой, Зарафшоннинг ҳар бир ирмоғи бўйича маълумот йиғиб, сувни қаерда қанча сарфлаш мумкинлиги айтиб беради.
Агрометеорологлар тупроқнинг ҳарорати, намлигини ўлчайди. Бугун Қўшработ, Каттақўрғон, Оқдарё, Нуробод туманлари ва Самарқанд шаҳрида агрометеорологик станция ва бўлимлари бор. Кеч кузгача ўсимликнинг ривожланиш жараёнини кузатиб, олинадиган ҳосилни прогноз қилиб беради. Аниқроғи, ўсиб чиққандан ривожланиш фазаси тўғри кетяптими, йўқми каби саволларга жавоб беради.
Улар ҳатто лалми жойлардаги яйловларда қанча ўт, қанча миқдорда ўсишигача маълумот қилиб бера олади. Афсуски, йиллар давомида эътибор берилмагани оқибатида соҳанинг бу каби муҳим йўналишлари замондан орқада қолиб кетди.
Моддий-техник база етарлими?
Йиғилишда бу масалага Президентимиз алоҳида эътибор қаратди. Моддий-техник базани кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Бир қарашда оддий туюлган масаланинг замирида шу юрт, шу халқ учун куюнчаклик ётганини ҳамма ҳам тушунавермайди. Негаки, саноат ривожлангани сайин ер усти сувлари ва ҳавонинг ифлосланиши кузатилади. Аммо уни олдиндан ким аниқлайди? Табиийки, гидрометеорология хизмати.
Бугун Тойлоқ тумани Равотхўжа маҳалласи, Фарҳод шаҳарчаси ва Каттақўрғон туманида Зарафшон дарёси суви ўлчанади. Тупроқ таркиби йилда икки марта таҳлил қилинади. Об-ҳавонинг тозалиги бўйича Самарқанд шаҳрида 4 та постимиз бор. Ҳар куни уч маҳал лаборатория таҳлиллари ўтказилади. Шу орқали қайси ҳудудда қайси бир химикат кўтарилаётгани ҳақида маълумотлар жамланади. Масалан, ҳозир ҳавонинг энг кўп ифлосланиши автотранспорт воситаларидан чиқаётган газлар билан боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари халқаро стандарт бўйича қаралса, юртимиз ҳудудида 4 мингта станция бўлиши зарурлигини, амалда эса 335 тагина борлигини қайд этди. Демак, уларнинг сони янада кўпайтирилади.
Қувонтирадигани шуки, 2022 йилда Самарқандда захира маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича минтақавий хаб ташкил қилиш ҳақида кўрсатма берилди. Умуман олганда, Жаҳон метеорология ташкилотининг минтақавий маркази ҳисобланадиган Ўзгидрометнинг мақомини сақлаб қолиш учун нимаики керак бўлса, қилинадиган бўлди.
Ускуналарни ким ишлатади?
Собиқ иттифоқ даврида Одесса ва Санкт-Петербургда соҳа учун олий маълумотли кадрлар тайёрланарди. Кейинчалик Ўзбекистон миллий университетда бўлим очилди.
Билдирган таклифларимиз асосида Самарқанд давлат университети география факультетида соҳа учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Гидрометеорология кафедраси бор. Аммо бу бугунги талабга жавоб бермайди. Негаки, СамДУда ҳар йили 25 нафар талаба қабул қилинади. Буни кўпайтириш бўйича таклиф берганмиз. Ҳеч бўлмаганда сиртқи йўналишда кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда. Келгуси ўқув йилидан бу ғоя амалга ошади, деган умиддамиз.
Бугунги кунда Озарбайжоннинг Боку давлат университети СамДУнинг гидрометеорология факультети ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Ўтган йили пандемия сабабли талабалар алмашиш имкони бўлмади. Аммо карантин талаблари юмшагач, қардошларимизни нафақат осори-атиқаларимиз, балки табиат ва рельефимиз билан таништирамиз.
Президентимиз ташаббуси билан янги давлат мукофоти – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган гидрометеоролог фахрий унвони жорий қилинаётгани соҳа ходимларига бўлган юксак эътибор ғамхўрлик намунаси бўлди.
Одил Мирзаев,
гидрометеорология фахрийси.