Сиз ҳам ҳис қилдингизми?
Кечаси билан чақмоқ чақиб, ёмғир ёғди, кўнглимда ва ниҳоят, деган таскин ўтди. Ростдан, бу сафарги куз ёмғирини узоқ кутганимиз рост. Эрталаб нафас олганимда умуман бошқача бир ҳавони ҳис қилдим. Ташқаридан худди тоғлардаги гиёҳларнинг бўйларига ўхшаш бир нафас келарди. Қизиқ, кузда баҳор ҳавоси-я, деб ҳайратландим. Бу ҳайратим анча пайтгача мен билан юрди, тўйиб-тўйиб нафас олдим.
Яхши кайфият билан ишга отландим. Самарқанд йирик тадбир олдидан ўзгача бир руҳда эканлиги ҳар бир кўчада сезилиб турибди. Аллақандай бир улуғворлик, салобат бор эди атрофда. Ахборотларга бир қур назар солдим.
“ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида иштирок этиш учун ташкилот Бош директори Одри Азуле хоним ва анжуман иштирокчилари илк "Париж - Самарқанд" чартер рейси билан бугун тонгда Самарқанд шаҳрига келди”.
Бу хабар қалбимга яна бир фахр бағишлади. Хаёлимда гўё табиат ҳам бу анжуманга ҳозирлик кўраётган Самарқандни бир ювиб бергандай, барча ғуборлардан тозалаб бергандай туюлди.
Шукуҳли кунларинг кўп бўлсин, азиз Самарқандим!