Президентимиз маърузасидаги Сенат ва сенаторлар ҳақидаги аччиқ ва ҳаққоний фикрлар бизни фидойилик билан ишлашга даъват этади
Олий Мажлис Сенатининг ҳар бир ялпи мажлисидан жуда катта таассурот билан қайтаман. Муҳокама этилган ҳар бир масала, маъқулланган қонунлар ҳақида маҳаллий кенгашдаги депутатлар, аҳолига айтиб беришга ошиқаман.
Парламент юқори палатасининг йигирманчи ялпи мажлисидан сўнг қалбимдаги бундай кечинмалар ўн чандон, юз чандон ошди. Бу аввало, мажлисда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиши ва мамлакатимизда парламентаризмини ривожлантириш, Сенатнинг давлатимиз ва халқимиз ҳаётидаги ролини ошириш бўйича қимматли фикрларни билдиргани билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси тарихида илк бор Олий Мажлис Сенатига аёл кишининг раис этиб сайланганидан қалбимиз чексиз фахр ва ғурурга тўлганидан.
Бундан аввал ҳам икки марта Президентимизнинг парламентга мурожаатномасини тинглаб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини оширишда олдимизда қандай улкан вазифа ва мақсадлар қўйилганини англагандик. Аммо, кечаги маъруза, Сенат ва сенаторлар ҳақидаги, таъбир жоиз бўлса, аччиқ ва ҳаққоний фикрлар бизни янгича куч-ғайрат билан, фидойилик ва ташаббускорлик кўрсатиб ишлашга даъват этди. Чунки, давлатимиз раҳбари Сенатнинг қонунчилик фаолиятида, ишни тўғри ташкил қилишда талабчанлик ва жонкуярлик, ташаббускорлик ва изчиллик етишмаётгани, парламент назоратига оид ваколатларимиздан тўлиқ фойдаланмаётганимиз, ҳудудий вакиллик палатаси бўла туриб, ҳудудларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда талаб даражасида ишламаётганимиз ва маҳаллий кенгашлар билан амалий ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаганини қайд этди. Шунингдек, Сенатнинг халқаро ҳамкорлигини ҳам кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Албатта, ушбу фикрлардан келиб чиқиб, куннинг иккинчи ярмида давом этган ялпи мажлисдаги масалалар муҳокамасида фаол қатнашишга ҳаракат қилдик. Шунингдек, ҳар бир қўмита Президентимиз нутқи асосида ўз режаларини қайта кўриб чиқадиган, вазифаларни белгилаб оладиган бўлди. Ҳар биримиз сенаторлик ваколатимиз шараф ва масъулиятини теран ҳис қилиб ишлашимиз кераклигини англадик.
Ўтган мажлиснинг энг муҳим тарихий аҳамияти – давлатимиз раҳбарининг юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга яна бир бор алоҳида эътибор қаратиб, бу борада муҳим қонунчилик ташаббусларини илгари суриши бўлди. Бу фикрларнинг амалий ифодаси сифатида Олий Мажлис Сенати раислигига тажрибали ва жонкуяр раҳбар, юртимиз хотин-қизларининг фаол ҳимоячисига айланган Танзила Норбоева номзодининг кўрсатилиши ҳам Президентимизнинг хотин-қизларга қанчалик катта ишонч билдиришини кўрсатди.
Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатида илк бор мутлақо янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф қилганлари ҳам барчамиз учун кутилмаган, аммо айни вақтда ниҳоятда муҳим ташаббус бўлди.
Ана шу унутилмас таассуротлар, ҳаяжонлар билан Самарқандга келиб, икки кундан буён қалбимни тўлдирган, тўлқинлантираётган фикрларни кўпчилик билан баҳам кўргим келди.
Зайнаб БЕРДИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 20-умумтаълим мактаби директори.