Пулни қаердан, қандай топяпсиз?
«1xBet» ҳақида эшитмаган одам қолмади, ҳисоб. Яқинда ҳаётимизга кириб келган бу онлайн қимор шу қадар тез йирингладики, бу кетишда у энг катта муаммоларимиздан бирига айланиши эҳтимоли бор.
Увол бўлган тақдир
Бир йигитни яқиндан танирдим. Истараси иссиқ, хушмуомала йигитнинг оиласи ҳақида ҳам илиқ фикрлар эшитгандим. Яқинда у ўзини осиб қўйганини эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Миямда турли саволлар чарх ура бошлади: ўртоқлари билан бирор муаммога аралашиб қолдимикан?”, “Оиласида қандайдир келишмовчилик бўлгандир, балки?”.
Айтишларича, гумонларимнинг ҳеч бири тўғри эмас, у «1xBet» таваккалчиликка асосланган ўйин туфайли шундай қилган. Кимдир “9 минг доллар қарз бўлган экан”, бошқаси “90 миллиондан кўпроқмиш”, дерди. Ҳар тугул йигирмани қоралаб қолган йигит бу қарз учун бу ҳаётдан кетишга қарор қилиши, билмадим...
- Ўйин шундай техник тайёрланганки, у психологиянгизга ҳам кучли таъсир қилади, - дейди бор-будидан айрилган, бироқ яқинларининг қўллови билан “орт”га қайта олганлардан бири. - Бошида бироз ютгандай бўласиз, кейин ютқазишни бошлайсиз. Сизга маслаҳат кела бошлайди, қарз олиш ёки бирон жойни тунаш. Хуллас, қанақа одамсан, пул топиш сен учун муаммо, қабилада, шунақанги ишончли даъватлар бўладики, энди ютаман ва тўхтатаман, деб ўйлайсиз. Аммо ҳаммаси сиз ўйлагандек бўлмайди.
Тушкунликка тушганингизни билгач, сизга “қутулишнинг осон йўллари ҳақида йўл-йўриқлар” кела бошлайди. Шундай дамлар бўладики, ростдан ҳам тез келаётган машина тагига ўзингизни ташлаш, осиш муаммога ечимдек туюлади. Шу билан ҳаммасидан қутуламан-ку, деб ўйлаб қоласиз. Астағфируллоҳ.
Суҳбатдошимнинг гапларини тингларканман, «1xBet» ўйинида ютқазиб қўйиб, гоҳида у қадар катта маблағ бўлмаса-да, ўз жонига қасд қилганлар хаёлимга келади.
Ахир, бундайлар камми?
Гарчи “охирги чора”ни қўлламаган бўлса-да онлайн қиморга бор-будини тикиб, хонавайрон бўлаётганлар ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган хабарлар камми?
Бир қарашда, қиморга пул тикаётган одам ёш боламас, ақли-ҳуши жойида, демакки, хатти-ҳаракатининг оқибатини яхши билади. Ўйинда ютқаздими, зиён-заҳмати ўзига ва оиласига. Шундай бўлгач, бош қотиришга ҳожат бормикин? Лекин айни балога йўлиққанларнинг фирибгарлик, ўзганинг мулкини талон-торож этиш каби қатор жиноятларга (улар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳам бор) қўл ураётгани бир томон, ўйин оқибатида гулдай оилаларнинг парчаланиб кетаётгани яна бир муаммо.
Бу эса дўппини бошдан олиб муаммо ҳақида бош қотиришга, балони даф қилишга ундайди. Шу хаёллар билан телевизор пультини босаркансиз, ажойиб каналларнинг бирида «1xBet» рекламаси ялт этиб ўтиб қолади.
Яна ўйга толасан, бу масала кўпам баҳсга арзимайдими?
Сароб исканжаси
Саробга қанча интилманг, унга етолмайсиз. Нуфузли ташкилотларнинг бирида халқ тилида айтганда “мойли” жойда ишлайдиган бир йигитнинг қисмати бунга яна бир мисол бўлди. Яъни, «1xBet»да ютиш васвасаси нафақат унинг ўзини, балки оиласини ҳам оғир аҳволга солиб қўйди.
Рост, айтишларича, у бошида бир неча марта ютган. Буни яқинлари билан нишонлаган пайтлар ҳам бўлган. Аммо “Қиморда ўйнаган эмас, ўйнатган ютади”. Айтишларича, ўша йигит икки, балки уч йилдир «1xBet» ўйнаб топгани миллиард сўм (балки кўпам бўлгандир) қарз.
Ўлмаган йигитга мол-давлат топилади, дейишади. Бу нотўғри демоқчи эмасман. Аммо юқорида айтилган қарз ҳақдор сўраб келишни бошлаганда аввалига қорамолларини сотишди, ишхонасидан ҳам бирмунча ўмарган экан, уни жойига қўйиб, кўчага ҳайдалди. Қўша-қўша машиналар зум ўтмай эгаларини топиб кетди.
Қарз тугамагандир-да, йигит йўқолиб қолди. Ўзига тўқ, обрўли оила эмасми, йигит бир ойнинг ичида қашшоқ бўлиб қолганига онанинг орияти чидамади.
“Йўқ, ризқи узилмаган экан, кимдир қутқариб қолибди”, дейишди. Келин ота уйига қайтган, гулдай болалар тирик етим...
***
Бировнинг қайғусини достон қилиш мақсадида эмасмиз. Аммо ҳар икки ҳолат ҳам кўз ўнгимда содир бўлгани учун индамай кетолмадим. Яна ўйлайман, қимордан қайтарилганлар бугун ундан азият чекаётганининг сабаби нимада экан? Хулоса эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Ёқубжон Марқаев.