Путин, Трамп ва Макрон Қорабоғ бўйича қўшма баёнот беради

Россия, АҚШ ва Франция президентлари Тоғли Қорабоғдаги вазият юзасидан қўшма баёнот беришади. Бу ҳақда Рамблер нашри хабар берди.

27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон бир-бирини ўзаро позицияларни ўққа тутишда айблади ва қисман жанговар ҳолат эълон қилди.

Бугун Россия президенти Владимир Путин мамлакат хавфсизлиги Кенгашининг доимий аъзолари билан мажлис ўтказди. Мажлис якунидан сўнг давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков тадбир давомида Қорабоғдаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.

“Путин йиғилиш қатнашчиларига Россия, АҚШ ва Франция президентларининг Қорабоғдаги вазият юзасидан қўшма баёноти тайёрланаётгани тўғрисида маълум қилди”, деди Песков.

30 сентябрь куни НАТО Бирлашган қуролли кучларининг Европадаги бош қўмондони Жеймс Ставридис Қорабоғдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш имкониятлари кам эканлиги, у ердаги уруш Россия ва Туркия ҳудудига кўчиб ўтиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирди.