Қабул жараёнлари, аттестация ва назоратдаги ошкоралик коррупция "эшик"ларини ёпади
Мутахассисларнинг таъкидлашича, коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали ва таъсирчан йўли бу – фаолиятнинг ҳар бир босқичида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳисобланади.
Бугунги кунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларида ҳам очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, вазирликда Коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқий-назорат бошқармаси, ҳудудларда ва тизим ташкилотларида унинг бўлинмалари ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар дастури ва режаси тасдиқланиб, ижрога қаратилди. Ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига, ходим меҳнат шартномаси бўйича ўз хизмат вазифаларини бажараётганда, коррупциявий хатти-ҳаракатларда қатнашмаслик, ўз ваколатларини суиистеъмол қилмаслик каби қатор мажбуриятлар бўйича ўзгартириш киритилди.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш учун тизимда рақамлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, мактабгача таълим тизимида ҳам ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида тизимли ишларга қўл урилди. Мактабгача таълим ташкилотларига тарбияланувчиларни боғчага қабул қилишнинг электрон тизими яратилиб ота-оналар томонидан фарзандини боғчага қабул қилиш ва фарзандини навбатини кузатиб бориш имкониятлари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, тарбияланувчиларни хавфсиз ва сифатли овқатлантириш мақсадида барча давлат мактабгача таълим ташкилотларини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ишлари тўлиқ аутсорсинг тизимига ўтказилди. Шунингдек, муассасаларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Санитария-эпедимиология ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамкорлигида ягона мавсумий таомнома йўлга қўйилган.
Бугунги кунда ота-оналар томонидан банкларда ёки турли кассаларда навбат кутмасдан онлайн тарзда уйдан туриб болалари боғчаси учун тўланадиган бадал пулларини телефондаги CLICK ёки PAYme иловалар орқали тўғридан-тўғри тўлаб бориш имкониятлари яратилди.
Шу билан бир қаторда мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган ходимлар ва тарбияланувчиларнинг боғчага келиб кетиши, уларга ёзиладиган иш ҳақи табеллари электрон тарзда юритилади. Болажонларга бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти кирим чиқимлари босқичма-босқич “Болалар боғчаси ахборот тизими” электрон платформаси орқали рақамлаштирилиб борилмоқда.
Хабарингиз бор, шаффофликни таъминлаш мақсадида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб 1-синфга қабул ва ўқувчилар ҳаракати бўйича давлат хизматини кўрсатиш рақамлаштириш бошланди. Вилоятимизда дастлаб Самарқанд шаҳрида, кейин Каттақўрғон шаҳри, 2025-2026- ўқув йилидан бошлаб Тойлоқ ва Самарқанд туманида онлайн давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди. Ушбу ҳудудларда биринчи синфга қабуллар my.maktab.uz ва my.gov.uz платформалари орқали амалга оширилди.
Бироқ шунга қарамасдан жорий йилда вилоятда бир қатор мактабларда 1-синфга ўқувчиларни қабул қилишда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бошқарманинг коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат шўъбаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, қонунбузилишига йўл қўйган 3 нафар туман ва шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг ходимларига, 29 нафар мактаб директорларига, 24 нафар мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига нисбатан меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Хабарингиз бор, икки йилдирки, педагоглар аттестацияси синовларида шаффофликни таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан онлайн ўтказиб келинмоқда.
Шунга қарамасдан айрим педагог-ходимлар турли қинғир йўллар билан аттестациядан юқори балл тўплаб ўтишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат шўъбаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда аттестация жараёнларига турли тақиқланган электрон қурилмалар олиб киришга уринган 9 нафар педагог аниқланиб, аттестациядан четлаштирилди ва уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун ички ишлар органларига топширилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат шўъбаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида тизимдаги ташкилотларда қариндош-уруғчилик, яъни непотизм кўринишида ишлаб келаётган ташкилот раҳбарлари аниқланди. Хусусан, жорий йилда 74 та таълим ташкилотида шундай ҳолатлар аниқланиб, ушбу ҳолатлар қонунчиликда белгиланган тартибда бартараф этилди.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида бошқармага мактаб ва боғчаларда совға-салом ва бошқа мақсадларда пул йиғиш билан боғлиқ бир қатор мурожаатлар келиб тушган. Мазкур ҳолат вилоят ташкилоти мутасаддилари томонидан ўрганилганида, уларнинг аксарияти ота-оналар ташаббуси билан турли байрам тадбирлари ташкил этиш мақсадида йиғилганлиги аниқланди.
Аксарият ҳолатларда совға бериш ташаббуси айнан ота-оналар томонидан чиқаётганлигини инобатга олиб, улардан мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларга байрамлар ва туғилган кунлар баҳонасида совғалар ташкил қилмасликни, турли хил пул йиғимларига йўл қўймасликни сўраймиз.
Ўқитувчи учун шогирдининг муваффақияти ва ютуқлари энг катта совғадир!
Бу борада биз оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик аъзоларини коррупцияга қарши биргаликда курашишга, ушбу иллатни таълим тизимидан бутунлай чиқариб ташлаш учун биз билан ҳамкорлик қилишга чақирамиз!

Музаффар Ҳамдамов,
вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи.