Қадимда одамлар маҳсулотларни қандай сақлашган?
Ота-боболаримиз озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаб қўйиш учун қандай технологиялардан фойдаланган эканлар ва нима учун улар бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда?Археологик топилмалар одамлар музлаткичлар ихтиро қилинишидан минг йиллар олдин захира сақлашнинг янги усулларини ихтиро қилганларини кўрсатди.
Гулхан, қоқи ва совуқлик
Қадимги одамлар қозиқда қовурилган гўшт анча вақтгача яхши сақланишини тезда англаб олган ва уни дудлаб қуритишни ҳам ўрганган. Қоқланган ва қовурилган маҳсулотлар таркибида оз миқдорда сув қолади, шу сабабли уларда бактерия ва моғорлар ривожланишда секинлашади.
Бу ҳақда Иорданияда олиб борилган қазиш ишлари тасдиқлайди. 19 минг йилдан олдинги давр қатламларда қозиқ тешиклари билан ўралган жайрон суяклари ва гулхан ёқилган жойлар топилган. Олимлар гўштлар дудлаб қуритилган ўчоқлар устида оддий тузилмалар ўрнатилганлигига амин.
Шимолий халқлар ўз минтақасининг табиий шароитларидан тўлиқ фойдалана билган. Қадимги саам (асосан Норвегия, Швеция, Финландия шимолида яшайдиган угор-фин халқлари группасига мансуб элат)лар буғуларни асосан куз ва қишда овлаган ва уларнинг гўштини тузланган, дудланган ёки музлатилган ҳолда махсус қазилган чуқурларда сақлаган. Иссиқ ҳудудларда одамлар захираларни чуқур ғорлар ва ертўлаларда сақлашган.
Ош тузи
Бугунги кунда инсоният туз таъмини қачон таниб олиб, ундан озиқ-овқат маҳсулотларининг сақлаш муддатини узайтириш учун фойдалана бошлаганини аниқлаш мушкул. Натрий хлорид намликни яхши сингдиради, овқатга ёқимли таъм қўшади, шу сабабли ҳам у тарихан юқори баҳоланиб келинган. Гўшт ва балиқни тузлаш билан бир вақтда бу “зиравор” бошқа маҳсулотлар (карам, бодринг кабилар)ни ҳам тузлаб қўйиш мақсадида ишлатилган. Уй бекалари кўплаб маҳсулотларнинг узоқ пайт сархил туриши учун уларни кўп туз сепилган матога ўраб қўйган.
Ўра, ертўла ва музликлар
Совуқ маҳсулотларнинг тез бузилишига йўл қўймаслигини тушуниб олган одамлар атрофдаги ҳароратни пасайтириш учун ҳар қандай воситалардан фойдаланишган. Дастлаб, бунинг учун улар шунчаки ерга чуқур тешик қазиб, деворларини лой билан суваб қўйишган. Кейинчалик улар катта ер ости омборлари ва ертўлага айлантирилган.
Зираворлар
Нам иқлимли жануб мамлакатларида ҳатто яхши қуритилган гўшт ҳам тезда айнийди. Лекин одамлар унинг сақлаш муддатини узайтириш учун у ерда ўсадиган кўп сонли зираворлардан фойдаланишни ўзлаштириб олганлар.
Қадимги ҳиндулар ва мисрликлар маҳсулотларга майдаланган занжабил, куркума (сариқ занжабил) ва қалампир аралашмасини сепиб қўйган, бу маҳсулотнинг бир неча ой давомида сақланишига имкон беради. Усул бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Археологларнинг топилмаларига кўра, мурч, долчин ва бошқа зираворлар Осиё мамлакатларида 4 минг йил олдин ҳам кенг қўлланилган. Антик даврда бу табиий консервантлар Грецияга келтирилиб, кейинчалик бутун Европа бўйлаб тарқалган.
Сирка
Яна бир самарали консервант ва зиравор – сирканинг тарихи 7 минг йилдан олдин вақтга бориб тақалади. Қадимги Вавилон аҳолиси уни хурмо мевасидан олишни ўрганганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Бу сирка зиравор сифатида қадрланиб, ундан гўштнинг сақлаш муддатини узайтириш учун фойдаланилган.
Ҳозирги вақтда зираворлар, ош тузи ва сирка етишмовчилиги кузатилмайди, ўралар эса музлатгичлар билан алмаштирилди. Шундай бўлса-да, биз ҳали ҳам тузланган маҳсулот ва ширинликлар, дудланган гўшт ва тузланган балиқларни яхши кўриб истеъмол қиламиз, демак, биз ҳали ҳам қадимий технологиялардан фойдаланиб келяпмиз, десак хато қилмаган бўламиз.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.