Қадимги Римдан белгиланган кунгача: 8 март ҳақида қизиқарли маълумотлар
1975 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 8 мартни аёллар ҳаётининг барча соҳаларида эришган ютуқларини нишонлаш ва тенгсизлик қолдиқларига қарши норозилик билдириш куни деб эълон қилди.
Ҳатто қадимги Римда ҳам аёллар байрами нишонланган. Шу куни озод аёллар ўз яқинларидан совға олишган, чўрилар учун эса дам олиш куни эълон қилинган.
Синглингиз, онангиз, бувингиз ёки турмуш ўртоғингизни “Олтиним” деб атаганмисиз? Мабодо шундай қилган бўлсангиз, сиз ҳеч ҳам бўрттирмагансиз. Аниқланишича, ҳар бир инсон танасида бу қимматбаҳо металлнинг озгина қисми мавжуд. Аёлларда бўлган олтин эса эркаклар танасида бўлганига қараганда 5-6 баробар зиёдроқ экан.
Аёллар ҳидларни эркакларга нисбатан яхши ажрата биладилар. Ажабланарлиси, дунёдаги барча атир-упа ишлаб чиқарувчиларнинг 80 фоизи эркаклардир.
8 март ҳақидаги қизиқарли маълумотлар орасида инсониятнинг кучли вакиллари (эркаклар)дан кам эмаслигини тасдиқлаб, катта ишларга қўл уришга қўрқмаган хоним ҳақида маълумот бор. 1910 йилнинг шу кунида франциялик Элиз де Ларош аэроплан бошқариш учун лицензия олган биринчи учувчи аёл бўлди.
Барча ёшдаги эркаклар ушбу санага олдиндан тайёргарлик кўришади, бу сир эмас, албатта. Хўш, истисносиз ҳамма аёлларга ёқадиган универсал совға бормикан? Ижтимоий сўровлар натижалари шуни кўрсатдики, аёллар хотин-қизлар кунидаги энг яхши совға деб гулларни билишади. Улардан энг машҳурлари:
Лолалар
Рейтингнинг шубҳасиз етакчилари. Баҳор байрами арафасида Голландиядан бу мулойим, қувноқ, нозик ўсимликларнинг етказиб берилиши 5-6 баробарга ошади.
Мимоза
Юмшоқ сариқ мўъжиза – баҳор, қуёш ва нозик аёл гўзаллиги рамзи. Ишонаверинг, ҳеч бир хоним бу гулларнинг бир дастасини бачканалик деб ҳисобламайди.
Хуллас, ушбу кунда дўконларда атиргуллар, наргис, заъфарон ва бошқа кўплаб гуллар эркакларга мунтазир.
Аёллар шарафига
Ҳурматли эркаклар, 8 март куни барча ташвишларни орқага суриб, уларсиз ҳаёт имконсиз бўлган аёлларга эътибор қилинг. Совға сифатида тансиқ таомлар тайёрлаб, уларни эркалашингиз мумкин.
Байрам дастурхонингиз янада қизиқарли ўтиши учун яна 5 та байрам ҳазили:
• Албатта, уйланинг. Яхши хотин тушса, бахтли бўласиз, ёмон хотин олсангиз файласуфга айланасиз.
• Аёллар хунук бўлмайди, гўзаллиги кам учрайдиган аёллар бор.
• Эркаклар мантиқда ўзгарувчан – аёллар мантиқда доимий эмас.
• Аёл хитой тилида ёзилган очиқ китобга ўхшайди, гўё ҳамма нарса аниқ ва чиройли безалган, лекин ўқиб бўлмайди ва мутлақо тушунарсиз...
• Математик мантиқ бир йил ўрганилади, аёл мантиғи эса бутун умр.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.