Қандай ҳолларда фуқаронинг ер участкаси олиб қўйилади ва унга қай тартибда компенсация тўланади?

2020 йил 1 январдан ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация беришнинг янги тартиби белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра:

- ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда биринчи навбатда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОAВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади;

- ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шунингдек, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади;

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади, ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда ва харажатлардан устун келган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Ҳокимликлар ер участкаси олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас;

- олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасидаги кўчмас мулклар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади;

- ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади;

- ҳокимлик ёки инвестор томонидан мулкдорларга компенсация бериш ишлари амалга оширилади.

Келишилган компенсация берилмагунча кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди. Мулкдорларга келишилган компенсация берилганидан сўнг мулкдор томонидан кўчмас мулк бўшатиб берилади.

Ҳокимликнинг кўчмас мулкни бузиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бўйича адлия органларидан хулоса олинади. Улар компенсация берилганлиги, уй-жойлар амалда тўлиқ бўшатилганлиги ва бошқа ҳолатларни ўрганади ва ўз хулосасини ҳокимликларга тақдим этади. Адлия органларининг хулосаси ижобий бўлган тақдирдагина кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.

Олиб қўйиладиган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бошқа шахсга ўтказишга келишув имзоланганидан сўнг ташаббускорнинг ёзма розилик хати мавжуд бўлган тақдирда ёки келишув бекор қилинган ҳолларда йўл қўйилади.

Бузиб ташланадиган кўчмас мулк объектини сотиб олган мулкдор мазкур низомга мувофиқ тузилган келишувдан келиб чиқувчи аввалги мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

Ер участкалари олиб қўйилиши, кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш, фуқароларни кўчириш, шунингдек, компенсациялар беришда қонун талаблари ижросини назорат қилиш прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.

Самарқанд вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ахборот хизмати.