Қарздор ота 1 миллион сўм билан қутулмоқчи эди. Лекин...

Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Наврўз Ғаффоровдан ундирувчи Зайнаб Мамасодиқованинг фойдасига тўрт нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган.

Қарздор Н.Ғаффоровнинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилган бўлиб, унга кўра қарздор номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Н.Ғаффоров бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан, анчадан буён тўламай келаётганлиги аниқланди.

Унинг алиментдан қарздорлиги ҳисоб-китоб қилинганда бугунги кун ҳолатига 19 миллион 229 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги маълум бўлди.

Қарздордан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47(4)-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарлик масаласини кўришлик учун Ургут тумани маъмурий судига юборилди.

Судга 1 миллион сўм пулни кўтариб келиб жазодан қутулиб қоламан, деган қарздор адашди. Ургут тумани маъмурий судининг қарори билан қарздор Н.Ғаффоровга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Мажбурий ижро бюроси Ургут тумани бўлими.