Қарздор оталарнинг ҳар бири 15 суткадан қамалди

Фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан қарздор М.В. томонидан собиқ турмуш ўртоғи Д.Ҳ.нинг фойдасига икки нафар фарзандининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун алимент пулини тўлаб бориши белгиланган ва шу асосда Мажбурий ижро бюросининг Оқдарё тумани бўлими томонидан ижро иши юритилган.
Лекин кўрилган чоралар ва профилактик тадбирларга қарамасдан, М.В. вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келган ва бугунги кунга келиб, унинг умумий қарздорлиги 19 миллион 390 минг сўмни ташкил этган.
Шу сабабли Бюронинг туман бўлими томонидан унга нисбатан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, тегишли чора кўриш учун туман маъмурий судига тақдим қилинган. Оқдарё тумани маъмурий судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47(4)-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан қарздор Ж.Н. томонидан собиқ турмуш ўртоғи С.Х.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Лекин фуқаро Ж.Н. ўзининг оталик бурчига масъулиятсизлик билан қараб, фарзандининг алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган ва унинг алимент тўловларидан қарздорлиги 14 миллион 770 минг сўмни ташкил қилган.
Профилактик чоралар кор қилмагач, Бюронинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан унга нисбатан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, тегишли чора кўриш учун шаҳар маъмурий судига тақдим қилинган ва Каттақўрғон шаҳар маъмурий судининг қарори билан Ж.Н.га Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47(4)-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.