Қашқадарёлик заргар Амир Темур узугини тикламоқда

Ҳунармандлар сулоласининг олтинчи авлоди моҳир заргар Шариф Раупов Ғузор туманидаги Чақар маҳалласида истиқомат қилади. Эндигина 26 ёшни қарши олган бўлсада, ўзбек миллий заргарлик санъати ривожи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда, деб ёзмоқда ЎзА.

Айни кунда Шарифжон асрлар суронида Ўзбекистондан олиб кетилган нодир заргарлик буюмларининг нусхаларини қайта тиклаяпти. Масалан, “Жевак” деб аталувчи тақинчоқнинг асл нусхаси Санк-Петербургдаги “Эрмитаж” музейида сақланмоқда. Унга кумуш, асл маржон, марварид каби қимматбаҳо тошлар билан зеб берилган.

– Икки йилдан буён Амир Темур бобомизнинг узугини тиклаяпман, – дейди Ш.Раупов. – Саркарданинг узуги жуда ноёб бўлган. Унинг устида Темурийлар салтанатининг муҳри бўлган. Мустақиллик байрамигача тайёр бўлади насиб этса. Асли эса, Америка Қўшма Штатларидаги музейда сақланади.