Қирғизистон Тожикистон билан чегарада КХШТ кучларини жойлаштиришни таклиф қилмоқда
Қирғизистон Мудофаа вазирлиги раҳбари Бактибек Бекболотов тинчликни сақлаш учун Тожикистон билан чегарада КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти)нинг кичик контингентини жойлаштиришни таклиф қилди.
"Яқинда КХШТ Бош котиби Станислав Зас билан учрашдим. Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида тинчлик бўлмайди, дедим. Нега? Чунки қирғизларнинг ҳам, тожикларнинг ҳам ўз ҳақиқати бор. Токи орамизга, дейлик, ўша КХШТдан кичик контингент каби «арбитр» келмагунча тинчликка эришиб бўлмайди”, деди вазир бугун Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, тинчликпарвар кучлар ўт очишни тўхтатиш режимини назорат қилиб, томонлар чегарага қўшимча куч ва техникаларни тортмаслигини таъминлаши мумкин эди.
“Бу муаммолар ҳал этилса, сиёсий масалаларни ҳам ҳал қилиш – чегарани делимитация ва демаркация қилишни давом эттириш мумкин”, деди у.
Икки давлат ўртасидаги белгиланмаган ҳудудлар вақти-вақти билан тўқнашув зонасига айланади. Тожик-қирғиз чегарасида охирги марта вазият 14-16 сентябрь кунлари кескинлашган эди.
25 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари вазиятни тартибга солиш бўйича протокол имзоладилар. Унда чегарадаги можароларга барҳам бериш, делимитация ва демаркация жараёнини тезлаштиришга келишиб олишди. Шунингдек, ҳужжатга кўра, томонлар можаролар тез-тез содир бўладиган жойларда тўртта чегара пунктларини ўрнатишга келишиб олди.