Қирғизистонда Ўзбекистон кўмаги билан юқумли касалликлар шифохонаси қуриб битказилди

Ўзбекистоннинг кўмаги билан Қирғизистонда 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қуриб битказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилмоқда.

Ўзбекистон делагацияси икки томонлама мулоқотлар давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари, шу жумладан, "COVID-19"га қарши биргаликда курашиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, томонлар юқумли касалликларни даволаш, ташхислаш ва олдини олиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Aлимкадир Бейшеналиев юқумли касалликлар шифохонасининг қурилиши, унинг жиҳозланишида кўрсатилган амалий кўмак ва тақдим этилаётган гуманитар ёрдам учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, пандемия даврида молиявий имкониятлар ҳамда даволаш муассасаларида шифо-ўринлари етишмаётган шундай мураккаб шароитда ўзбекистонликларнинг ушбу кўмаги юқори баҳоланишини айтиб ўтди.

200 ўринли юқумли касалликлар шифохонасининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ва ўзбек халқига миннатдорлик билдириб, ушбу ташаббус қирғиз-ўзбек халқлари орасидаги азалий дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашини таъкидлади.

Шунингдек, Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири "COVID-19"га қарши курашиш доирасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишларни ҳам алоҳида эътироф этди. Ўзбекистон делегацияси номидан сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари A.Иноятов Ўзбекистон томони тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини, шунингдек, бутун дунёга хавф солиб турган коронавирус инфекциясига қарши қардош Қирғизистон халқи билан биргаликда курашишга тайёрлигини билдирди.