“Қизил” “яшил”га айланиши учун... ёхуд осойишталик фақат инспекторга керакми?

– Мени уйга киритиб қўйишингиз керак.
Тойлоқ тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи қабулига кирган аёл бира-тўла мақсадга ўтди.
Унинг айтишича, оиласидаги нотинчликларга қайнонаси сабабчи, ўзи беайб экан. Қизиғи, у яқинда қайнонасига тан жароҳати етказганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Жазони ижро этиб бўлгач, суд қарори асосида қайнонасининг уйига қайта кириб, “ҳимоя ордери” ҳам олмоқчи. Аёл саволларимизга жавоб бераркан, орада “7 йилдан бери шу “иш”нинг ичида юрибман, кўзларим пишиб кетган”, дея мийиғида кулиб қўяди.
Унинг айтишича, эрининг уйидаги барча қариндошлари унга душман, эри ҳам никоҳ асосида бошқа аёл билан яшашни бошлаган. Шундай бўлса-да, у ўша уйга кирмоқчи. Суҳбат давомида англадикки, у буни оиласини тиклаб, тинч-тотув яшаш учун эмас, балки тугалланмай қолган “иши”ни тугатиш ва қасос олиш учун қиляпти. Албатта, профилактика инспектори куну тун уни эридан, эрини эса ундан қўриқлаб юра олмайди. Агар ҳозир қонун устуворлиги таъминланиб, аёл уйга мажбуран киритиб қўйилса, эртага янги жиноят содир бўлмаслигига кафолат йўқ.
Кейинги йилларда мамлакатимизда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни профилактика қилиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш масалаларига эътибор ортди. “Хавфсиз шаҳар”, “Обод ва хавфсиз маҳалла” сингари қатор лойиҳалар ишлаб чиқилиб, маҳаллалар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилди. Бироқ таҳлил ва кузатувлар барча саъй-ҳаракатларга қарамай жойларда ҳуқуқбузарликларнинг маълум тури (асосан оғир жиноятлар) камайса-да, бошқалари кўпайганлигини кўрсатмоқда. Хўш, бунинг сабаби нима? Ва, муаммо қандай ҳал қилинади? Тойлоқ тумани мисолида вазиятни ўрганишга ҳаракат қилдик.
“Яшил”дан “қизил”гача бир қадам
Туманда 50 та маҳалла бўлиб, айни кунда шундан 11 таси "қизил" тоифага киритилган. Бу ҳар бешта маҳалладан бирида криминоген вазият ёмон, дегани. Жумладан, Чароғбон маҳалласи ўтган йилнинг якунигача “яшил” тоифада эди. Бироқ кетма-кет содир этилган бир нечта оғир жиноят унинг “юз”ини ҳам “қизил” қилди.
- Маҳалламиз марказда жойлашганлиги учун доимо одамлар билан гавжум, - дейди маҳалла раиси Матлуба Амирова. - Ҳудудда қатор ижтимоий объектлар, бозор, 365 та тадбиркорлик субъекти, 21 та кўп қаватли уй бор. Шу боис ҳуқуқбузарликлар профилактикасида мураккабликларга дуч келяпмиз. Тўғри, тегишли дастурлар ижроси бўйича барча ишлар амалга оширилди. Хусусан, кўчаларимизда тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган, 8 та кўча камералаштирилиб, ички ишлар бўлинмасига уланган. Кўчабошилари тайинланган. Бироқ бу етарли бўлмаяпти. Аҳолимиз кўп, келиб-кетувчилар ҳам. Биргина профилактика инспекторининг ўзи уларни назорат қила олмайди.
Маҳалла профилактика инспектори Дилшод Муродуллаев ушбу вазифага тайинланганига ҳали кўп бўлмаган. У ҳудуд ва ундаги криминоген вазиятга таъсир қилувчи омилларни ўрганаётганлиги, вазиятни тўлиқ билмай олдиндан бирор хулоса билдира олмаслигини маълум қилди. Бу тўғри қарор. Нопрофессионал ходим бўлганида эди, “Айб менда эмас, одамларнинг ўзи сабабчи”, дея муаммони ўзидан соқит қилишга уринарди. Инспекторга эътирозимиз йўқ. У маҳаллада ҳали “бегона”. Муаммонинг илдизини топиши, қолаверса, одамларнинг ишончига кириши учун вақт керак.
“Йўл харитаси” натижа берадими?
Яқинда шу маҳаллада Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳам бўлиб, туман сектор раҳбарлари билан ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва “маҳалла еттилиги” фаолияти билан танишди. Жараёнда маҳаллада ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш мақсадида тузилган “Йўл харитаси” муҳокама қилиниб, унинг ижросига бўйича қатор тавсия ва топшириқлар берилди.
Бу тартиб биргина Чароғбонга тааллуқли эмас. Энди барча маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирлар – “йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда. Президентнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунга асос.
Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, барча вилоятларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда янгича ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими яратилиши белгиланган. Унинг доирасида жойларда “Хавфсиз ва рақамли маҳалла”, “Намунали хавфсиз кўча”, “Хавфсиз бозор”, “Хавфсиз бекат”, “Ҳуқуқ-тартибот маскани”, “Хотин-қизлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” бўйича намунали тизимлар йўлга қўйилади. Ички ишлар вазирлиги томонидан профилактика кичик инспекторлари, миграцион профилактика бўлинмалари, маъмурий амалиёт гуруҳлари ва профилактика бош инспекторлари лавозимлари жорий қилинади.
- Туманимизда тегишли қарор ижроси бўйича ишлар аллақачон бошланган, - дейди Тойлоқ тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи Жаҳонгир Назаров, - Хусусан, маҳаллаларимизни 16 ҳудудга бўлган ҳолда профилактик назорат тадбирларини ўтказяпмиз. Кечки вақтга ҳам навбатчи ходимлар кўчама-кўча юриб, фуқароларнинг ҳаловатини таъминлайди. Айтмоқчи бўлганим, ходимларимиз доимо халқ орасида ва хизматга шай. Бироқ ҳали ҳам баъзи ҳолларда фуқаролар ҳуқуқбузарликларни яширишга ёки у содир бўлинганидан кейингина хабар беришга мойил. Агар тескариси бўлганида, ҳуқуқбузарлик профилактикасида жамоатчилик ҳам фаол бўлганида, мақсадимизга тезроқ эришган бўлар эдик.
“Яшил” маҳалла фақат инспекторга керакми?
Мавзуни ўрганиш, фуқаро ва масъуллар билан суҳбатлашиш давомида баъзи хулосаларга келдик. Айтайлик, биз борган аксар “қизил” тоифадаги маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар кўп содир этилишига сабаб қилиб асосан маҳалланинг марказда ёки серқатнов йўл ёқасида жойлашганлиги кўрсатилмоқда. Гўё, улардаги барча жиноятни бегоналар қилган. Лекин маҳаллаларни тоифага ажратиш вақтида бу инобатга олинади-ку, яъни олдини олиш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар сонига қараб хулоса қилинади, адашмасак. Авария, жой ва макон танламайдиган фирибгарлик ё коррупцион ҳаракатлар сингари ҳолатлар инобатга олинмайди.
Иккинчидан, нега ҳудудда ҳуқуқбузарлик содир этилса, бош айбдор сифатида профилактика инспектори кўрилади? Тўғри, жойларда криминоген вазият барқарорлигини таъминлашга қаратилган қарор ва бошқа ҳужжатларда жараёнга масъул бўлганлар рўйхати узун бўлади. Лекин кузатувларимиз бу вазифалар амалда фақат нозир зиммасида қолдирилаётгани, ҳатто маҳалла раиси ҳам муаммонинг асл моҳиятини англамаётганини кўрсатмоқда.
Вазиятни аниқроқ тушунтириш учун мисол келтирамиз. Айтайлик, спиртли ичимликларга ружу қўйган эр хотини билан келишмовчилик вақтида унга оғир тан жароҳати етказди. Бу ҳолатда яраштириш ҳақида гап кетмайди, дарҳол жиноят иши очилади. Хўш, жиноятда инспектор айбдорми? Кўпчилик, ҳа айбдор, дейди. Боиси у нотинч оила билан профилактик тадбир ўтказиши, лозим бўлса, эрни даволатиши, қайта тарбиялаши, аёлни ҳимоя қилиши керак экан. Тўхтанг, унда маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим нима қилади? Инспектор маҳалладан тайинланмайди, яъни у хизмат жойидаги фуқароларга бегона. Ҳеч ким унга дардини айтмайди, уйига кирмоқчи бўлса, ҳужжат сўралади. Раис ё бошқа фаоллардан кимдир ҳужжат сўрайдими? Албатта, йўқ. Ҳолбуки, улар ўша эркакнинг нега ичкиликка берилганлиги (тўғри йўлга қайтарилмаган), ишсизликдан қийналаётганлиги (ёрдам берилмаган), хотинининг тили ёмонлигини ҳам билишади (жанжалнинг олди олинмаган). Бу гап ўша оиланинг қўшнилари, яқинлари, қариндошларига ҳам тааллуқли.
Хулоса қилиб айтганда, жиноят бир сонияда содир бўлади. Аммо у йиллар давомида “пишиб” келади. Энди тасаввур қилинг, битта маҳаллада шунга ўхшаш 10 та оила бор (амалда бундан кўп бўлади). Уларга вақтида, керакли одамлар томонидан берилмаган ёрдам ҳозир қилинса, нотинч оила бир зумда намуналига айланиб қоладими? Йўқ. Уни соғломлаштириш учун ҳам йиллар керак. Баъзан бу имконсиз ҳам. Мақола бошида тилга олинган “қасоскор” келин вазиятидек.
Муаммо ечимсиз эмас. Фақат у бир ё икки киши билан ечилмайди. Бефарқлик ортаркан, жиноятчилик камаймайди.
Асқар Баротов.