Тойлоқдаги корхона 360 дан ортиқ маҳсулотни маҳаллийлаштирди

Рақамларга қарайдиган бўлсак, ёш оилалар, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва бошқа уй-жойга муҳтож оилалар учун 2010-2023 йилларда Тойлоқ туманида 2324 та хонадон фойдаланишга топширилган. Туман аҳолиси 2019 йилда 200,4 минг кишини ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 221,1 минг кишига етди.

Бу, албатта, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини ортишига олиб келади. Туман ҳокимлиги оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун туманда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг сифати ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва саноат корхоналари фаолияти билан таништириш мақсадида ташкил этган пресс-турда юқоридаги муаммога қандай ечим топилганига эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 11 январь куни вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқларида Самарқанд шаҳри Қорасув маҳалласи, Ургут ва Тойлоқ туманларида кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилиши белгиланганди. Топшириқ асосида туманнинг Чароғбон массивида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши учун 3,5 гектар ер ажратилиб, 2019-2023 йилларда 21 та 4-12 қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. 17 та 12 қаватли уй-жой қурилиши учун 450 миллиард сўм инвестиция киритилган бўлса, кам таъминланган, шароити оғир оилалар ҳамда хотин-қизлар учун 96 хонадон ажратилган. Уй-жойга муҳтож бўлган 460 нафар фуқарога субсидия асосида хонадон ажратилиб, уларга 10,8 миллиард сўм бошланғич бадаллар тўлаб берилган.

Ачинарли томони, биз массивга борганимизда кўп қаватли уйларга юқори кучланишдаги электр кабеллари ердан тортилгани, хонадонлар олдида ҳимоясиз қолдирилган катта чуқурлар борлиги, уйлардаги лифтларнинг тугмалари йўқлигига гувоҳ бўлдик. “Янги Тойлоқ” бошқарув сервис компанияси раҳбари Анвар Қурбонов лифтлардан тўғри фойдаланиш ва юқори қаватдаги хонадонларда яшовчиларнинг пастга чиқинди ташламасликларининг олдини олиш мақсадида ҳудудга тўлиқ видеокузатув камералари ўрнатилгани, акс ҳолда уларни жаримага тортиш белгиланганини билдирди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан тумандаги Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг фойдаланилмай келинаётган 27,4 гектар майдони захирага олиниб, электрон онлайн аукционга чиқарилиши белгиланган.

- Чароғбон маҳалласида жойлашган ушбу майдон бўйича ишлаб чиқилган режага мувофиқ, 2023-2030 йилларда жами 43 та кўп қаватли уй-жой, шундан 43 та 3 хил типдаги 16 қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган, - дейди туман ҳокимлиги мутахассиси Хуршид Тўхтаев. – Ҳозирда 4 та 16 қаватли уйлар қурилиши бошланган. Шунингдек, массивда 1200 ўринли мактаб, 360 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, уч қаватли савдо маркази, IT парк ва ёшлар маркази, маҳалла биноси, оилавий поликлиника, нуронийлар чойхонаси, маиший хизмат кўрсатиш бинолари, жами 1720 ўринли автотураргоҳ қурилиши белгиланган.

Кейинги манзилимиз туманнинг Адас маҳалласида жойлашган “SAM FIORENTA” масъулияти чекланган жамияти бўлди. 2021 йилда ташкил этилган корхона 2023 йил якунида Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида 30 нафар ишчини қамраб олган ҳолда янгидан иш бошлади. 11 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳа асосида корхонада йилига 100 минг дона 6 хилдаги чангюткич ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Ҳозирда битта линияда кунига 250-300 та чангюткич ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йил июнь ойигача иккинчи линия ишга туширилиши билан ишлаб чиқариш ҳажми кунига 550 тагача, маҳаллийлаштириш ҳозирги 35 фоиздан 75 фоизгача ортиши кутилмоқда. Корхона маҳсулотлари ички бозордан ташқари қўшни республикалар ва Россияга ҳам экспорт қилинмоқда.

Маиший техника ишлаб чиқарувчилар учун сифатли ва кучланишга чидамли кабеллар жуда муҳим ҳисобланади. Ҳозирда бундай кабеллар асосан Туркиядан импорт қилинади. Бу эса таннархга ҳам таъсир кўрсатади.

-  Жорий йилда қиймати 17 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳа асосида йилига 1 миллион комплект маиший техникалар учун ёнғинга чидамли кабель ишлаб чиқариш цехини ишга тушириш ҳаракатидамиз, - дейди корхона ишлаб чиқариш гуруҳи раҳбари Қодир Заидов. – Бу билан корхонамиз ишчилари сони 100 нафаргача етади. Чидамли кабеллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали бошқа маиший техника ишлаб чиқарувчиларга ҳам сифатли кабель етказиб бериш имконияти яратилади.

Ҳозирда корхонада 361 хилдан ортиқ маҳсулот, шундан газ плиталарининг 90 фоизи маҳаллийлаштирилган, йил якунигача чангюткичларнинг ҳам 75 фоизини маҳаллийлаштириш режалаштирилган. 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.