Қорабоғда яна зиддият: Тоғли Қорабоғ ҳукумати фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини вақтинча чеклади
Кейинги пайтларда Тоғли Қорабоғ атрофида вазият яна кескинлашди. Шу муносабат билан республикада амал қилаётган ҳарбий ҳолатга кўра, йиғин ва намойишлар ўтказиш ҳуқуқи чекланди.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси (ТҚР) раҳбари Арайик Арутюнян амалдаги ҳарбий ҳолат доирасида фуқароларнинг “ҳуқуқ ва эркинликлари”ни вақтинча чекловчи фармонни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилганидек, йиғинлар, намойиш ва бошқа тадбирларни ўтказиш тақиқланган, мудофаа қобилияти ва хавфсизлигига қарши қаратилган ташвиқот ва шунга ўхшаш фаолият билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолияти тўхтатилган.
Яна зиддият
Кейинги 2-3 кунда Тоғли Қорабоғ Республикаси атрофида вазият яна кескинлашди. 26 март куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги арман бўлинмаларини Озарбайжон армиясининг минтақадаги бўлинмаларига қарши қўпорувчилик қилишга уринишда айблади.
Ўз навбатида ТҚР Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Озарбайжон армияси яна “турли калибрли ўқотар қуроллардан фойдаланган ҳолда Россия тинчликпарвар кучларининг масъулият зонасида – шарқий йўналишда олдинга силжишни таъминлашга уриниб, тажовузкор ҳаракатларга” ўтганини маълум қилди. Арманистон ТИВ Россиянинг Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар контингентини Озарбайжон қўшинларининг дастлабки позицияларига қайтишига эришишга чақирди.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Озарбайжон қуролли кучлари Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги Россия тинчликпарвар контингенти масъулият зонасига кириб, Тоғли қуролли тузилмалари бўлинмаларига Қорабоғдаги Фурух аҳоли пункти атрофига учувчисиз учиш аппарати орқали тўрт марта зарба берганини маълум қилди.
2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябргача Арманистон ва Озарбайжон ўртасида бир пайтлар Озарбайжон таркибига кирган, асосан арманлар истиқомат қиладиган ва Бокудан мустақиллигини эълон қилган Тоғли Қорабоғ учун уруш бўлган. 6,5 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган уруш натижасида Озарбайжон Қорабоғнинг салмоқли қисмини ўз назоратига қайтарди.
Россия воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзолади ва Россия тинчликпарвар кучлари чегара чизиғига олиб келинди. Минтақада кескинлик сақланиб қолмоқда.