Қорасувдаги чиқиндилар нега вақтида олиб кетилмаяпти?

Самарқанд шаҳар Қорасув массивидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётганлар чиқинди ҳидидан азият чекмоқда. Сабаби, кўп қаватли уйлардан чиқадиган чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаяпти.
Масалан, 76-кўп қаватли уйнинг орқа томонида чиқинди учун учта қути ўрнатилган. Унга шу ҳудуддаги 70, 71, 72 ва 76-уйда истиқомат қиладиган аҳоли чиқинди ташлайди.
Кейинги вақтларда чиқинди ўз вақтида олиб кетилмаганлиги боис қутилар тўлиб, уларнинг атрофи чиқиндилар уюмига айланиб қолди. Ҳатто ариқлар ҳам чиқиндиларга тўлди. Агар шамол бўлса, атроф полиэтилен пакетларга тўлиб кетади.
Ҳар замон “Тоза ҳудуд” ДУК Самарқанд шаҳар филиали томонидан чиқиндилар номига олиб кетиляпти. Ариқлардаги чиқиндилар ҳар сафар қолиб кетаётганидан атрофни бадбўй ҳид босиб кетди.
Шунингдек, ушбу ҳудудда шаҳардаги 81-мактаб ва футбол академияси жойлашган. Аҳолидан ташқари мактаб болалари ҳам шу ҳаводан нафас олади. Ёзнинг иссиқ кунида ҳар хил юқумли касалликларга шароит яратиб бераётган “Тоза ҳудуд” ДУК Самарқанд шаҳар филиалидан нега чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаётганини сўраб қоламиз.
Шу ерда истиқомат қилувчи аҳоли номидан Хуршида Эрназарова.