Қўшма Штатлар «Шимолий оқим-2»га «ҳалокатли зарба» беришга қарор қилди
АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трамп маъмурияти "Шимолий оқим-2" (Болтиқбўйи орқали Россиядан Германияга тортилаётган магистраль газ қувури. «Шимолий оқим» газ қувурининг кенгайтмаси. Қувур йўналиши бешта мамлакатнинг эксклюзив иқтисодий зоналари ва ҳудудий сувлари орқали ўтади: Германия, Дания, Россия, Финляндия ва Швеция) лойиҳасига қарши янги санкциялар пакетини қабул қилмоқчи. Кутилаётган бу чекловлар тўғрисида Reuters маълум қилди.
Манбада айтилишича, президент маъмурияти «Россия ва Германия лойиҳасига ҳалокатли зарба бериши мумкин бўлган» чеклов чораларининг янги пакетини тайёрламоқда. «Биз бирин-кетин зарба бердик ва энди ушбу лойиҳанинг юрагига қозиқ уришга тайёрмиз», деди агентлик вакилларидан бири.
Аввалроқ АҚШ ҳукуматининг юқори лавозимли вакили Россиянинг «Шимолий оқим-2» лойиҳасини амалга ошириш имконияти йўқлиги ва уни ишга туширолмаслигига ишонч билдирган эди. У ушбу қувур «ҳеч қачон Россия газини ташимайди. Агар компания лойиҳани тугатишга қодир бўлганда эди, буни бажаришарди» деган фикрни билдирди.
2020 йил 11 декабрда АҚШ Сенати "Шимолий оқим-2"га ҳамда "Турк оқими" газ қувури тортилишига қарши янги санкцияларни ўз ичига олган мудофаа бюджетини тасдиқлади. Бунгача АҚШ Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган ҳужжат энди имзо учун Америка президентига тақдим этилиши керак.
"Шимолий оқим-2" қурилиши ўтган йилнинг декабрида АҚШ санкция билан қувур ётқизувчиларнинг катталарига таҳдид қилгандан кейин тўхтатилган эди.