Қўшни вилоятларда нима гап?: Кўҳна ва боқий Бухоро
Бухоро ҳақида гап кетганда, аввало, қадимдан илм-маърифат ривожланган, буюк алломаларга бешик бўлган замин кўз олдимизга келади. Ўрта асрлардаёқ тараққиётнинг юксак чўққисига чиққан бу замин алломаларининг илми билан яратилган асарлари бугун ҳам бутун дунё олимларининг асосий қўлланмаси сифатида ардоқланади. Қурган биноларини кўриш учун сайёрамизнинг турли нуқталаридан келган сайёҳларнинг ҳайратини оширади. Вилоятга икки кунлик сафаримиз давомида бу заминга “Қуббат-ул ислом”, “Буxоройи шариф”, “Ислом пойтахти” каби таърифлар бежиз берилмаганига амин бўлдик.
Расман 1938 йил 15 январда ташкил этилган Бухоро ҳудуди жиҳатидан Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидан кейинги иккинчи энг йирик вилоят ҳисобланади. Вилоят ҳудуди асосан Қизилқум чўлида жойлашган, жануби-шарқини Зарафшон водийси эгаллаган. Шимоли-ғарбда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси, шимол ва шарқдан Навоий вилояти, жануби-шарқда Қашқадарё вилояти, жануби-ғарбда Туркманистон билан чегарадош. Майдони 39,4 минг километр квадрат бўлган вилоят аҳолиси қарийб 2 миллион кишини ташкил этади. Буxоро вилояти Буxоро, Вобкент, Жондор, Когон, Олот, Пешку, Ромитан, Шофиркон, Қоровулбозор, Қоракўл, Ғиждувон туманлари, (Буxоро, Галаосиё, Вобкент, Газли, Когон, Олот, Ромитан, Шофиркон, Қоракўл, Қоровулбозор, Ғиждувон шаҳарчалари), 540 та маҳалла фуқаролар йиғинидан иборат. Буxорода 30 га яқин миллат вакиллари яшайди 11 та миллий маданий марказ фаолият юритади.
ЯҲМ ҳажми аҳоли жон бошига нисбатан 19,7 миллион сўм
Вилоятда Буxоро, Ғиждувон, Қоракўл, Вобкент шаҳарларидаги корхоналар Германия теxнологияси асосида жиҳозланган, “Буxоротекс” акциядорлик жамиятининг филиаллари Ғиждувон, Вобкент, Қоракўл ва Олот туманларида ташкил этилган. Буxоро пиллачилик фабрикаси ва унинг филиалларида хомашё қайта ишланади. Вилоятда трикотаж кийимлар фабрикаси, тикувчилик фабрикаси, Буxоро ва Ғиждувон пойабзал корхонаси, Шофирконда Туркия билан ҳамкорликда “Варданзи” тикувчилик қўшма корxонаси, “Қоракўл” акциядорлик жамияти қошида Греция билан ҳамкорликда “Омега-Ситора” қўшма корxонаси ишга туширилган. Маҳаллий саноат корxоналаридан “Зардўз” акциядорлик жамияти, Ғиждувон кулолчилик цеxи, Ғиждувон ва Шофирконда гилам тўқиш фабрикалари, Когон паxта титиш фабрикаси, Ромитан тўқимачилик фабрикаси, тикувчилик, бадиий каштачилик, мисгарлик, заргарлик, косибчилик ва бошқа корхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Буxоро уйсозлик комбинати, Когон оҳак заводи, Қуйимозор ва Когон йиғма темирбетон буюмлари заводи, Италия билан ҳамкорликда қурилган кошинлар ишлаб чиқариладиган “Минокор” заводи, Буxоро темирбетон заводи, газавтоматика ишлаб чиқариш бирлашмасида қурилиш материаллари тайёрланади.
Вилоятда 2021 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 38,7 триллион сўмни, аҳоли жон бошига 19,7 миллион сўмни, 2022 йилнинг I чорагида эса ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7 триллион сўмни, аҳоли жон бошига 3,5 миллион сўмни ташкил этган.
2021 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 106,2 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 100,1 фоизни, хизмат кўрсатиш 119,4 фоизни, чакана савдо 107,6 фоизни, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 103,7 фоизни, пудрат ишлари 111,4 фоизни ташкил қилиб, барча йўналишларда ўсиш таъминланди, - дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Нозимжон Холмуродов. - 2021 йилда инвестиция дастурлари доирасида вилоятда умумий қиймати 6,2 триллион сўмлик 1381 та ҳудудий ҳамда 186,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига 18 та йирик лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилди. Ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига вилоятда 10 минг 708 та янги иш ўрни яратилган.
Биргина Бухоро туманидаги “Aksa Enerji Bukhara” МЧЖ хорижий корхонаси негизида 140 миллион долларга тенг бўлган, қуввати 270 МВтлик газ-поршенли иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси ҳисобига 100 та иш ўрни яратилди ва 500 га яқин ишлаб чиқариш корхонаси узлуксиз электр энергияси билан таъминланди. Фақат бу эмас, вилоятда саноат тармоқларини янада ривожлантириш учун етарли салоҳият ва имконият мавжуд. 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, вилоятда саноат корхоналари ва ташкилотлари сони 4874 тани ташкил этади ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 111,3 фоизга ошди. Саноатни ривожлантириш бўйича жорий йилда вилоятда 2,9 триллион сўмлик 213 та лойиҳа ишга туширилиб, 3631 та янги иш ўрни яратилади.
Хусусан, жорий йилда Ғиждувон туманида «Хўжаи Жаҳон Файз барака» МЧЖ томонидан қиймати 462,8 миллиард сўмлик, йилига 10 минг метр темир профил ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган лойиҳа ишга туширилади. Яна жорий йил вилоятда қиймати 2 триллион 804 миллиард сўм бўлган 189 та саноат лойиҳасини ишга тушириш орқали 7794 та янги иш ўрни яратилади. Натижада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 триллион сўмга етказилади.
Вилоятда импорт ўрнини босувчи 200 турдан ортиқ маҳсулотларни ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилган, 20 турдан ортиғи хорижий давлатларга экспорт қилинади. Жумладан, тўқимачилик ва текстиль, қурилиш материаллари, кимё ва нефткимё, машинасозлик ва метални қайта ишлаш, фармацевтика, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, электротехника, қишлоқ хўжалиги озуқалари етиштириш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилган.
Вилоят саноат ишлаб чиқарилишини ривожлантириш мақсадида мавжуд
28 та кичик саноат зонасидаги 42,1 гектар майдонда жойлаштирилган 165 та лойиҳадан 88 таси ишга туширилди. Ушбу махсус зоналарда 80,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, 688 та янги иш ўрни яратилди. Ҳудудий дастур доирасида 2021 йилда 1752,4 миллиард сўмлик 385 та саноат лойиҳалари ишга туширилди ва 4164 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Йил якунигача 270 миллион долларлик экспорт
Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2022 йил якунига қадар 270 миллион долларлик маҳсулотни экспортга чиқариш режалаштирилган. Хусусан, йил якуни билан 157,3 миллион долларлик тўқимачилик, 35,8 миллион долларлик мева-сабзавот, 3,6 миллион долларлик чарм, 12,9 миллион долларлик ипак, 8,3 миллион долларлик қурилиш материаллари ва 53,68 миллион долларлик бошқа саноат маҳсулотлари экспорт қилинади.
Экспорт фаолиятига 45 дан ортиқ янги корхона жалб этилиб, 10 дан ортиқ янги давлатларнинг (Малайзия, Сингапур, Италия, Испания, Португалия, БАА, Саудия Арабистони) бозорларига маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилмоқда. Жорий йилнинг 1-чорагида вилоят бўйича жами экспорт ҳажми 53,2 миллион долларни ташкил этган.
Экспорт ҳажмларининг ўсиши вилоят учун драйвер бўлган соҳалар - тўқимачилик (27,2 миллион доллар), мева-сабзавот (7,3 миллион доллар), ипак маҳсулотлари (1,6 миллион доллар), қурилиш материаллари (1,6 миллион доллар) ҳудудий саноат корхоналари (15,5 миллион доллар) ҳисобига таъминланган.
– Вилоятимизда жорий йилнинг биринчи чораги якуни билан 62981 та тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган, - дейди вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Феруз Ҳусанов. – Субъектларнинг 33917 таси юридик шахс ва 29064 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. Юридик корхоналарининг 15140 таси (45 %) сўнгги 3 йилда ташкил этилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 4484 та янги субъект иш бошлади. Натижада қўшимча 5121 та иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида 1136 та кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектига 729,7 миллиард сўм кредит ажратилди.
Шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасида замонавий марказлар ҳамда савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишларига ихтисослашган 13 та махсус савдо ва кўнгилочар масканлар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, Ғиждувон тумани Обод маҳалласида 80 га яқин хонадон мебель ишлаб чиқариш, Буктарой маҳалласида 40 яқин хонадон эшик-ром ишлаб чиқариш ҳамда Чагдари маҳалласида 70 га яқин хонадон ипдан арқон ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 5,3 триллион сўм миқдорида кредит ажратилади. Шундан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 915 миллиард сўм миқдорида кредит ўзлаштирилади.
Қадимда Бухорода 125 та минора бўлган. Ҳозир уларнинг 84 таси тикланган
Бухорога борган сайёҳ қадимий обидалар, улуғлар мангу қўним топган манзилларни зиёрат қилмасдан қайтмайди. Бухоронинг эски шаҳар қисмини айланган сайёҳ ўзини бир лаҳза ўтмишга тушиб қолгандек ҳис этади. Эски шаҳардаги хонадонлар, уй-меҳмонхоналар, дўконларнинг ҳам эшиги доим очиқ. Шаҳарнинг тарихий қисмида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун барча шароитлар яратилган. Аҳамиятлиси, эски шаҳарда машиналарнинг сигнал чалганини деярли эшитмайсиз.
Ёз фаслида кундузги ва кечки Бухоро тамомила бир-биридан фарқ қилади. Айтишларича, қадимда Бухорода 7 та усти ёпиқ савдо мажмуаси бўлган. Аҳоли тилида бу мажмуалар “компл” деб аталади. Ҳозир эски шаҳар харитасида мавжуд бўлган “компл”ларнинг 3 та сақлаб қолинган. Яъни, “Тоқи саррафон” биринчи мажмуа бўлиб, келган меҳмонлар ақчасини шу ерда Бухоро пулига алмаштиришган. “Тоқи телпакфурушон” мажмуасида ҳозир ҳам бош кийимлар сотилади. Бу ерга келган сайёҳ ҳозир ҳам “Тоқи заргарон” мажмуасидан заргарлик буюмларини харид қилиши мумкин.
Вилоятда 2021 йилдан бугунги кунга қадар 28 та янги меҳмонхона (хоналар сони 593 та, ўринлар сони 1273 та), 29 та хостел (хоналар сони 251 та, ўринлар сони 872 та), 45 та оилавий меҳмон уйи (хоналар сони 189 та, ўринлар сони 445 та) фаолияти йўлга қўйилиб, жами жойлаштириш воситалари сони 431 тага, ўринлар сони эса 10 минг 862 тага етказилган.
Ўктам Худойбердиев,
Самарқанд-Бухоро-Самарқанд.
(Давоми бор)