Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработдаги спорт иншоотлари ва спортзаллар қачон таъмирланади?

28 февраль куни сайтимизда “Чекка ҳудудларда спортга нега эътибор суст?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди. Мақолада келтирилган ҳолат бўйича Қўшработ тумани ҳокимлиги жавоб хати йўллади.

Унда шундай дейилади: "Туманимиздаги спорт мактабининг спорт зали 2004 йил болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қурилган. Ҳақиқатан ҳам шу вақтга қадар капитал таъмирланмаган. “Меҳнат” футбол ўйингоҳи 1978-1983 йилларда ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, охирги марта 2004 йилда таъмирланган.

Иккала спорт иншоотини капитал таъмирлаш учун ўтган йилларда уч марта давлат дастурига киритиш бўйича таклиф берилган.

48-умумтаълим мактаб спорт зали 2020 йил капитал таъмирланган. Ушбу мактабга 2017-2021 йиллар мобайнида спорт жиҳозлари берилган. 85-умумтаълим мактабига спорт зал қуриш лойиҳаси 2022 йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида ғолиб бўлган. Ушбу спорт зали қурилиши шу ой - мартда якунига етказилиб, фойдаланишга топширилади.

Қўшработ тумани спорт мактаби иншоотларини таъмирлаш бўйича лойиҳани 2024 йил давлат дастурига киритиш таклифи берилган, шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йил биринчи мавсумига спорт зални қайта таъмирлаш лойиҳаси қўйилган.