Қўшработ: Заркентда меҳмонхона, Бойтўпда ўйингоҳ, Зармитанда кўприк. Йил охиригача яна қандай лойиҳалар қилинади?
Қўшработ тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Дилшод Шакарбоев аҳоли вакиллари, жамоатчиликка жорий йилнинг ўтган даврида мазкур сектор таркибига кирувчи 10 та маҳаллада амалга оширилган ва йил охиригача бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
Мурожаатда сектор ҳудудида маҳаллабай, хонадонбай, фуқаробай профилактик ишларни тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида янгича тизим, яъни маҳалла фуқаролар йиғинларида иш самарадорлигини ошириш, аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқароларнинг доимий даромад манбаини яратган ҳолда бандлигини таъминлаш ҳамда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ягона ҳамкорлик тизими яратилгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, йиғилганлар эътибори айни пайтда туман 5-тоифада эканлиги, шундан келиб чиққан ҳолда берилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш зарурлигига қаратилди. Жорий йилнинг ўтган даврида сектор ҳудудида дастурлар доирасида умумий қиймати 64,2 миллиард сўмлик 13 та лойиҳа амалга оширилиб, 91 та янги иш ўринлари ташкил этилган бўлса, йил якунига қадар умумий қиймати 28,3 миллиард сўмлик 12 та лойиҳа ишга туширилади ва қўшимча 81 та янги иш ўринлари яратилади.
Мурожаатдан сўнг жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар инъикоси сифатида Заркент маҳалласида барпо этилган замонавий меҳмонхона, Бойтўп маҳалласи ҳудудида сунъий қопламали ўйингоҳ, Майинтепа маҳалласида эса шу ҳуддудан ўтувчи республика аҳамиятидаги “Маржонбулоқ-Зармитан” автойўлининг 80-километрида қурилган янги кўприк фойдаланишга топширилди.
Норбобо Шакаров.