Қўшработдаги ёнғоқзорда ерёнғоқ ҳам етиштириляпти
Қўшработликлар ерёнғоқ етиштирганини эшитганмисиз? Бундан 3-4 йил аввал айни куз чоғида чангиб, қақраб ётадиган даштда бугун ерёнғоқ парваришланаётгани сабаб, катта ҳудуд яшилликка бурканган. Бу юмушни олмалиқлик деҳқонлар маслаҳати билан маҳаллий ишбилармонлар уддалади.
2017 йилда тумандаги “Оқтепа унумдор замини” фермер хўжалиги тасарруфидаги 247 гектар майдоннинг 114 гектарида ёнғоқзор барпо этилган эди. Хўжалик аъзолари кўчатлар орасидаги ерни бўш қолдирмасдан, кортошка, сабзи, шолғом, помидор, бодринг, ошқовоқ, қовун-тарвуз каби маҳсулотлар етиштириб келаётган эди. Бу йил улар сафига ерёнғоқ ҳам қўшилди.
- Болалигимдан деҳқончилик ишлари билан шуғулланиб келаман, - дейди фермер Улуғбек Биноев. – Аммо кўплаб қишлоқ хўжалик маҳсулотларини туманимизда етиштириб бўлмайди, деб юрардим. Қўшработ ерларида ерёнғоқ ҳам етиштирса бўлар экан. Шу йил буни синовдан ўтказиш мақсадида 13 гектар майдонга ерёнғоқ уруғини қададик. Ҳар бир гектарига 120 килодан ерёнғоқ эккан бўлсак, 3 тоннадан ҳосил олишни режалаштирганмиз. Тошкент вилоятининг Олмалиқ туманидан келган деҳқон оиласи бизга кўмаклашмоқда. Улар билан ҳамкорликда агротехник тадбирларни вақтида бажариб келяпмиз. Октябрь ойида ҳосилни йиғиштириб оламиз.
Дилноза ҲАСАНОВА,
Қўшработ тумани.