Қозоғистон МДҲнинг Давлатлараро валюта қўмитаси тўғрисидаги битимидан чиқади

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг фармонига кўра, Қозоғистон 1995 йилда имзоланган «МДҲ Давлатлараро валюта қўмитаси тўғрисида»ги битимдан чиқади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

«1995 йил 26 майдаги Давлатлараро валюта қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги 2013 йил 25 октябрда Минск шаҳрида тузилган битимнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги протокол тасдиқлансин”, дейилади кучга кирган фармонда.

Таъкидланишича, қўмита валюта тўлов-кредит муносабатлари соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни ташкил этишга кўмаклашиш, кўп томонлама ҳисоб-китоб-кредит муносабатларига таъсир этувчи валюта қонунчилигини такомиллаштириш, пул ва кредит муносабатларини мувофиқлаштириш шакл ва усулларини ишлаб чиқиш, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар тўлов иттифоқини тузиш тўғрисидаги битимга қўшилган давлатлар валюта сиёсати, валюта назорати масалаларида ҳамкорлик қилиш ва келишилган ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида тузилган.

Аввалроқ Россия Федерацияси Қозоғистондан Европага нефть транзитини тўхтатгани ҳақида хабар берилганди. Қозоғистон нефтни Россияни четлаб ўтиб Европага ташиш ниятидалигини маълум қилди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Европага нефть етказиб бериш ҳажмини ошириш ҳақидаги ваъдасидан кейин Қозоғистон нефть саноатида муаммолар бошланди. Хусусан, "Тенгиз" нефть-газ конида қувур портлаб, икки ишчи ҳалок бўлди, яна уч нафари жароҳат олди.