Қозоғистонда алоҳидалаш қоидалари босқичма-босқич енгиллаштирилади
Қозоғистон коронавирус пандемияси оқибатида жорий этилган алоҳидалашни зарурий эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда босқичма-босқич енгиллаштиради. Бу ҳақда 21 апрель куни мамлакат Бош вазири Аскар Мамин маълум қилди.
Бугунги кунгача Қозоғистонда 1949 нафар коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати қайд этилган. Улардан 19 нафари вафот этган. Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев мамлакатга 16 мартда киритилган фавқулодда вазият ҳолатини апрель ойининг охиригача узайтирган эди. Нур-Султон, Олма-Ота ва Чимкент шаҳарларида жорий этилган алоҳидалаш ҳам шу вақтгача давом этади.
“20 апрельдан бошлаб Нур-Султон ва Олма-Отада карантин режими енгиллаштирилди. Саноат корхоналари, қурилиш ишлари ва бир қатор ҳизмат кўрсатиш турлари фаолияти тикланди. Улар ўз фаолиятини бошладилар. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, биз карантин режимини енгиллатишда давом этамиз, бошқа корхона ва бизнес субъектларига ҳам ишлашга руҳсат берамиз”, деди Мамин ҳукумат йиғилишида.
Шу билан бирга, Мамин худди шундай ишлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширилишини маълум қилди.
Бу ишларни барчаси санитария-эпидемиологик хавфсизлик қоидаларига амал қилинган тақдирдагина амалга ошириш имкони мавжудлигини алоҳида таъкидлади Мамин.