Қозоғистонда икки ҳафталик карантин жорий этилади

5 июлдан этиборан Қозоғистонда узайтириш эҳтимоли билан икки ҳафталик карантин жорий этилади. Бу ҳақда 2 июль куни мамлакат ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

“Мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашгани ва коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони ошганини ҳисобга олиб, Қозоғистон давлат комиссияси 5 июль санасидан бошлаб қуйидаги транспорт қатнови чеклов чораларини 14 кунга жорий этиш қарорини қабул қилди: халқаро авиа алоқалар сонини келгусида оширмаган ҳолда сақлаб қолиш, вилоятлараро авиа алоқаларни сақлаб қолиш, темир йўл алоқаларига чеклов ўрнатиш, вилоятлараро йўловчи автобуслар қатновини тўхтатиш, жамоат транспорти фаолияти вақтини қисқартириш”, деб хабар берилган ҳукумат сайтида. 

Шу билан бирга, спорт ва оммавий, оилавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланади. Очиқ ҳавода спорт машғулотлари ўтказишга рухсат берилади. Аҳоли ҳаракатланишига чеклов қўйилади. Жумладан, уч кишидан ортиқ одам йиғилиши ва 65 ёшдан катта фуқароларга кўчага чиқиш ҳам тақиқланади.

Гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, фитнес заллари, сузиш ҳавзалари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат ёпиқ бозорлари (озиқ-овқат дўконлари ва супермаркетлардан ташқари), аквапарк, маданият марказлари, музей, форум, конференция ва бошқа ташкилий йиғилишлар ўтказилиши, мактабгача таълим, диний ва бошқа объектлар фаолиятига тақиқ қўйилди.

Аммо давлат ташкилотларининг 80 фоиздан кам бўлмаган ходимлари учун масофавий ишлаш усули сақлаб қолинади.

Қозоғистон ҳукумати раҳбари Аскар Мамин эпидемиологик вазиятнинг ўзгаришига қараб, юқорида кўрсатилган чекловлар узайтирилиши мумкинлигини ҳам таъкидлади.