Қурилиш объектларида назорат кучайтирилди
Вилоятда қурилиш объектларида хавфсизликни таъминлаш, меъёрий талабларнинг тўлиқ бажарилишини назорат қилиш ҳамда ишчи-ходимлар ўртасида профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш мақсадида фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан тадбирлар ташкил этилди.
Мутахассисларимиз томонидан Самарқанд шаҳри ва тумани, Жомбой туманидаги объектларида олиб борилаётган қурилиш ишлари тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мос равишда амалга оширилаётгани ўрганилди. Айрим объектларда лойиҳа талабларига риоя этилиши, қурилиш материалларидан тўғри фойдаланиш ва техник хавфсизлик чораларининг бажарилиши юзасидан муҳим тавсиялар берилди.
Самарқанд шаҳридаги янги қурилаётган уй-жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассисларимиз томонидан ёнғин келиб чиқишининг асосий сабаблари, уларнинг олдини олиш чоралари ҳамда фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш тартиби ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Шунингдек, қурилиш объектларида электр жиҳозларидан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш, ёнувчан материалларни белгиланган тартибда сақлаш ва ёнғинга қарши дастлабки воситаларнинг доимо соз ҳолатда бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Жомбой ва Самарқанд туманларида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ишчи-ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган профилактик суҳбатлар ташкил этилди.
Шунингдек, қурувчилар билан меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу каби назорат ва тарғибот тадбирлари қурилиш объектларида хавфсизлик даражасини ошириш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда инсон ҳаёти ва мулкини ишончли ҳимоялашга хизмат қилади.
Аҳмаджон САИДМУРОДОВ,
вилоят ФВБ бўлим бошлиғи, подполковник.