Раҳбарлар устамани чўнтагидан тўлайдими?
Бу борада Президент имзолаган ҳужжатлар ижроси талаб бўлмаса бажарилмаётгани ажабланарли.
Негаки, сал аввалроқ вилоят ҳокимлигида ҳам Президент Фармонида белгиланган бўлишига қарамай кўплаб ташкилотларда спорт тарғиботчилари фаолияти йўлга қўйилмагани кескин танқид қилинганди. Фаолият кўрсатаётган спорт тарғиботчиларига эса белгиланган устамалар тўланмаётгани ҳақида аниқ мисоллар келтирилган.
Адлия бўлимлари томонидан ўтказилган ўрганишларда айрим раҳбарлар бошқа турдаги устамаларни тўлашни ҳам “ёддан чиқаришаётгани” аниқланган.
Мисол учун, Пайариқ туманидаги мактабгача таълим ташкилотларида ишлаётган айрим фуқаролар уларга спорт тарғиботчиси қўшимча вазифаси юклатилганлиги, бироқ белгиланган устама тўловлари тўланмаганлиги ҳақида мурожаат қилган.
Туман адлия бўлими томонидан ўрганишда аниқланишича, 16 та МТТ директорларининг буйруқлари билан жисмоний тарбия йўриқчиси вазифасида фаолият юритиб келаётган ходимларга Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юклатилган. Бироқ жорий йилнинг 6 ойи давомида юклатилган уларнинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорда устама ҳисобланмаган. Табиийки, зарур тўловлар амалга оширилмаган.
Ваҳоланки, юқорида қайд қилинган фармонида “2021 йил 1 январдан барча давлат оргонлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларидан фаолият юритаётган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорда устама тўланиши” белгиланган.
Туман адлия бўлими томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида мактабгача таълим бўлими ходимларга тўланмасдан келинаётган 35,5 миллион сўмлик устамалар тўлаб берилиб, айбдор ходимлар интизомий жазога тортилган.
Қўшработ тумани адлия бўлими томонидан халқ таълими бўлимида соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ўрганилганда бошқа бир устама тўлов тўланмаётгани аниқланган. Жумладан, ХТБ томонидан 2020 йилнинг январь-март ойларида «Баркамол авлод» болалар мактаби директори ва директор ўринбосари, тўгарак раҳбарларига уларнинг базавий тариф ставкалари оширилмаган ҳолда иш ҳақлари тўланган.
Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида 2020 йил 1 январдан «Баркамол авлод» болалар мактаблари ходимлари, хусусан, директор ва директор ўринбосарларига тўланадиган лавозим маошларининг базавий тариф ставкалари 1,55 бараварга, тўгарак раҳбари учун 1,5 бараварга оширилиши белгиланган.
Шу боис, Қўшработ тумани адлия бўлими томонидан тўланмай қолган иш ҳақларини ундириш бўйича Иштихон туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Суд аризани қаноатлантириб, тўланмай қолган 36 миллион 188 минг 513 сўм иш ҳақларини тўлаб бериш керак, деб топган.