Энди ўқитувчи устама олиш учун мақола ёзиши шарт эмас
Илгари ўқитувчилар устама олиш учун албатта, бирон-бир журнал ёки газетада мақоласи чиққан бўлиши керак эди. Чунки 823-сонли қарор бўйича ўқитувчидан баҳоланаётган ўқув йилида оммавий ахборот воситалари, таълимга оид веб-сайтлардаги чиқишлари, илмий-методик журналлардаги ҳамда турли конференцияларда мақолалар, тезислар, концепциялар, истиқболли режалари билан қатнашиш орқали таълим-тарбия жараёнини янада яхшилашга оид ишлари бўлиши талаб этиларди.
Яқинда блогер Исроил Тиллабоев ҳам 823-сонли қарорга ўзгартириш киритилаётганлиги ҳақида хабар бериб, баҳолаш мезонидан мақола ёзиш банди олиб ташланиши мумкинлигини айтганди.
Сабаби, 823-сонли қарорнинг айнан шу банди ижтимоий тармоқларда жуда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Халқ таълими тизимида кўпчилик ўқитувчилар сифатли дарс ўтиш, бола билан кўпроқ ишлаш ўрнига дарсини оммалаштириш, мақола ёзиш (кўп ҳолларда ёздириш) билан овора бўлиб қолаётганди.
Ҳақиқатдан ҳам устама олиш учун ўқитувчиларнинг мақола ёзиб чиқиши ўзини оқламади. Сабаби, мақолалар пулга ёздирилди. Ўқитувчи ўзи меҳнат қилмади. Бунинг ортидан эса турли хил кўринишдаги журнал ва бўлар-бўлмас конференциялар кўпайиб, кўпчилик ўқитувчиларнинг пуллари ҳавога совурилди. Чунки ўқитувчилар мақоласи билан бу конференцияда қатнашса, мақоланинг бир бети учун 15-20 минг сўм миқдорда пул тўланарди.
Ниҳоят, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрда “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Янги қарорда мақола ёзиш банди олиб ташланди. Энди асосий эътибор ўқитувчининг чиқарган синфи, ўқувчи билан ишлаши, семинарларда дарс ўтиши, ташкил этган очиқ дарслари, ўтказган тадбирларининг сифати, ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлиги, халқаро тадқиқотларга ўқувчиларни тайёрлаб бориши, ўқувчиларининг фан олимпиадаларида қатнашиши ва иш стажига қаратилади.
P.S: Энди ўқитувчилар кимларгадир пул бериб, газета ва журналларда мақола чиқариш ва умуман, самара бермайдиган тезислар ёзиб конференцияларда қатнашиши шарт эмас.