Россия компанияси Самарқанд жамоат транспорти тизимини қайта ташкил этади

Вилоят қурилиш бош бошқармасида Самарқанд шаҳар транспорт тизимини рақамлаштириш бош режасининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Россиянинг "SIMETRA" компанияси томонидан Самарқанд шаҳри кўчаларининг янги, рақамлаштирилган концепцияси лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.

Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида фаолият олиб борувчи мазкур компания Москва, Челябинск, Олма ота, Кишинёв, Краснодар каби шаҳарларда транспорт соҳасида ишлаб тажриба орттирган.

Айни кунларда мазкур компания мутахассислари шаҳар кўчаларидаги ҳолатни ўрганиб, таҳлил қилмоқда. Самарқанд шаҳри ва унинг атрофидаги 40 километр ҳудудда жамоат транспорти ҳаракатини тартибга келтириш бўйича режа устида иш олиб бормоқда.

- Самарқанд тарихий шаҳар бўлгани учун ҳам тузилаётган лойиҳаларимиз бошқалардан бутунлай фарқ қилади, - дейди «SIMETRA» компаниясининг етакчи мутахассиси Кристиан Бёттгер. – Қадим шаҳарнинг жамоат транспорти тубдан ўзгариши керак. Турли давлатлардан келаётган сайёҳларга замонавий хизмат турлари ташкил этилмоқда. Жумладан, йўловчи ташиш хизмати ҳам шунга мос бўлиши керак. Ишлаб чиқаётган режамиз асосида жамоатчилик фикрини ўрганамиз ва янги тизимни жорий йилнинг 1 сентябригача тайёрлаймиз.

Самарқандда ЮНЕСКО назоратидаги маданий-мерос объектлари жуда кўп. Бу эса хорижлик мутахассислар учун янада кўпроқ масъулият юклайди.

- Самарқанд шаҳрига кунига туманлардан 114 минг йўловчи келади, - дейди Транспорт вазирлиги қошидаги транспорт муаммоларини ўрганиш маркази директори Мурод Обидов. - Шаҳарда ҳаракатланаётган 500 дан ортиқ жамоат транспорти ёрдамида 140 мингдан кўпроқ йўловчига хизмат кўрсатилмоқда. Ишлаб чиқиладиган лойиҳада айнан мана шу омиллар инобатга олинади.

Йўллардаги тирбандликнинг олдини олиш учун аниқ режа асосида ишлаш керак. Чунки бу жиддий муаммо. Биргина Кафтархона ва Ҳазора автобекатлари орқали шаҳарга кунига 70 мингдан ортиқ йўловчи келади. Бу бекатлардан ҳаракатланаётган 40 та йўловчи маршрутлари эса Университет хиёбонида кесишади. Шу сабабли хиёбон атрофидаги йўл 90 та автобус ҳаракатланадиган махсус йўлга айлантирилиши мумкин. Бу эса автобуслар ҳаракати тезлигини оширишга ва йўловчиларда шахсий транспортдан кўра жамоат транспортидан фойдаланиш яхшироқ деган тушунча пайдо бўлишига олиб келади. Шунингдек, Мирзо Улуғбек кўчасида жамоат транспорти учун махсус йўлак ташкил этиш орқали уларнинг ҳаракат тезлигини уч бараварга кўпайтириш мумкин.

Тўпланган маълумотлар асосида бир нечта замонавий лойиҳалар ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиладиган бўлди.

Дилмурод Тўхтаев.