“Россия – Ўзбекистон” ҳамкорлиги III Форуми: Натижалар, лойиҳалар, келишувлар

Хабар қилганимиздек, шу йилнинг 4-5 октябрь кунлари Татаристон маркази Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик III Форумида Самарқанд вилояти ҳокими раҳбарлигидаги делегация фаол иштирок этди.

Делегация аъзолари дастлаб “Ўзбекистон-Россия ишбилармонлари Кенгаши” йиғилишида қатнашди. Унда вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Н.Ибрагимов иштирокчиларга вилоят тадбиркорларининг Россия бизнеси билан инвестициявий ва савдо соҳасидаги ҳамкорлиги ҳолати ҳамда вилоятда тадбиркорлик муҳити ва инвесторларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, тадбиркорларни ўз бизнесларини кенгайтиришга ва Самарқандда бизнес қилишга таклиф қилди.

Форумда Россия Федерацияси тадбиркорлари ҳамкорликда ишлаб чиқаришга таклиф этилаётган маҳсулотлар, илмий ва IT ишланмалар кўргазмасини ташкил этиб, Самарқанд делегация аъзоларини ҳар бир экспонат билан таништирди ва ҳамкорлик музокараларини ўтказди.

Форум доирасидаги учрашувлар ва музокараларда умумий қиймати 160,0 млн. долларлик логистика замонавий марказини ташкил этиш, гилам ва гилам маҳсулотлари, қурилиш фанераси, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш, меҳмонхона, савдо-маиший мажмуаси барпо этиш, тураржойлар қуриш ҳамда тиббиёт ва ветеринария диагностик тизимлари ва тест комплексларини ишлаб чиқариш  инвестицион лойиҳаларини биргаликда амалга оширишга келишилди.

Шу билан бирга, делегация таркибидаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан умумий қиймати 50,8 млн. долларлик текстиль, электротехника, мебель саноати маҳсулотлари, қуритилган мева
ва сабзавотлар экспорти бўйича келишувлар имзоланди.

Форумдаги муҳим келишувлардан бири - Самарқанддаги нефтни қайта ишлаш ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “MOSXAR” МЧЖни нефть билан таъминлаш мақсадида Россиянинг “TATNEFT” акциядорлик жамияти йилига 240 минг тонна нефть ва қўшимча ингридиентлар билан таъминлаб бериш лойиҳаси бўлди.

“TATNEFT” Самарқандга мутахассислардан иборат гуруҳни юборишга, жойида корхонани ишлаб чиқариш технологияси аудитини ўтказиб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун тавсиялар тайёрлаш ҳамда таъминланиб бериладиган хом ашё таркибини белгилаш таклифини билдирди.

Делегация Форум тадбирлари билан чегараланиб қолмасдан, Татаристон маркази Қозон шаҳрида бир қатор инновацион лойиҳалар билан танишди. Жумладан, Қозондаги IT PARK ва унинг резидентлари фаолиятига ёшларни фаол жалб этиш, янги хизмат турлари амалиёти билан танишиб, дастурчилар тайёрлаш, турли дастурлар ва мобил иловалар хизматлари, резидентларга яратилган қулайликлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан тушаётган буюртмалар ва уларнинг сифатли бажарилишини кўздан кечирди.

Татаристондаги “АЛАБУГА” эркин иқтисодий зонасида тадбиркорлик фаолиятини самарали ташкил этиш учун давлат томонидан яратилган шароитлар натижасида ҳудудда 34 та йирик, инновацион лойиҳаларни амалга оширишга эришилган. Коммуникацияларнинг ҳар бир корхонагача олиб келинганлиги, йўлларнинг равонлиги, темирйўл тармоғининг мавжудлиги, маҳаллий солиқлар ва божхона божларидан имтиёзлар корхоналарни жалб этишга ёрдам берган.

Зона ҳудудидаги “Алабуга Политех” ишлаб чиқариш ўқув мажмуасида 2 минг нафардан ортиқ ёшлар ишлаб чиқариш амалиёти билан боғлиқ 18 турдаги мутахассислик бўйича ўқитилмоқда. Аксарият дарс машғулотлари шу зонада ишлаб турган малакали мутахассислар томонидан ўтказилади. Муҳими, талабалар ўқиш билан бирга ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этмоқда.

Қозон шаҳридаги янги қурилган замонавий тураржой массивларидан бири “ART CITY” ҳудуди, хонадонлари ва бошқарув компаниясида бўлган делегация аъзолари кўп қаватли уйлар ўрталаридаги кичик парклар, болалар ўйингоҳлари, кўкаламлаштирилган майдончалар, яшил дарахтлар, йўловчилар йўлаклари, маиший чиқиндиларни тўплаш ва уларни чиқариш тизими билан яқиндан танишди. Бу ерда бошқарув компаниясининг иш услуби, фуқаро ва компания ўртасидаги мажбуриятлар тақсимоти, ахборот алмашувларнинг рақамлаштирилганлиги тадбиркорлар эътиборини тортди. Битта бошқарув компанияси 30 минг аҳолиси бўлган массивни самарали бошқармоқда..

Шаҳарни иккига бўлиб турган Қозон дарёси бўйлаб фуқароларнинг дам олиши, пиёда ва велосипедда юришлари, турли спорт ўйинлари билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар, кўкаламлаштириш ва манзарали дарахтларни жойлаштириш диққатга сазовор. Шу каби қулайликларни вилоятимизнинг турли ҳудудларида ташкил этиш аҳолимизнинг яшаш қулайликларини янада кўпайтиради.

Форумда эришилган келишувлар, лойиҳалар бўйича ишлар давом эттирилмоқда, ҳар бир лойиҳанинг тармоқ жадвали тузилиб, амалга оширишга киришилди, экспорт шартномалари бўйича маҳсулотлар тайёрлаш бошланди.

Ушбу инвестициявий ва савдо лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ҳамкорлар ўртасида ўзаро ишонч руҳини шакллантириб, сақлаб қолиш янги, булардан ҳам йирик инвестицияларни вилоятимиз ҳудудига жалб этишга асос бўлади.

Нозир Ибрагимов,

Самарқанд вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси.