Россия-Украина чегараларига ядровий миналарни кўмиш таклиф этилди
"Украина Россия чегараларига ядровий миналарини кўмиб чиқиши керак" деди Киевдаги Евроатлантика ҳамкорлиги институти таҳлилчиси Игор Козий, ObozTV телеканалида.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг агрессиясидан, зўравонлигидан ва хавфидан Украинани фақатгина Россия билан ўртадаги чегарага ядро миналарини кўмиб чиқиш асрайди. Унинг эслатишича, "Совуқ уруш" йилларида Германия Федератив Республикаси ана шундай йўл тутган.
Козийнинг сўзларига кўра, Украина ядро миналарни мустақил равишда ўзи ишлаб чиқарса ҳам бўлади. Бунинг учун Украинада шароит ва тажриба бор. Фақат бу иш халқаро ҳамжамиятдан сир тутилиши керак. "Масалан, Исроил ўз ҳудудида ядро қуроллари борлигини инкор ҳам этмайди, тасдиқламайди ҳам. Лекин ҳамма билади у ерда бундай қуроллар бор. Биз ҳам ана шу тартибда ишлашимиз лозим", деган у.
2018 йилнинг декабрида Украинанинг НАТОдаги собиқ вакили генерал-майор Петр Гарашук Украинада ўз ядро қуролларига эга бўлиш учун ҳамма шароит борлигини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, СССРнинг 30 фоиз ядро қуроллари Украина ҳудудида жойлаштирилган эди. СССР тарқаб кетгандан кейин, орадан 3 йил ўтиб ўша ядро қуролларини Украина бир неча шартлар эвазига Россияга топширган эди. Тарихда "Будапешт келишуви" деб номланган ўша келишув имзоланганда ўртада АҚШ, Буюк Британия ва БМТ воситачилик қилишган ва шартлардан бирида "Россия ҳеч қачон Украина ҳудудий яхлитлигига дахл қилмайди ва Украинада эҳтимолий айирмачиларни қўллаб-қувватламайди" деб ёзилган эди. Аммо, 2014 йилда Россия-Украина можаролари бошланганда Россия томони ўша шартномани ҳам, унинг шартларини ҳам шунчаки тан олмади.