Россияда мигрантлар учун давлат божлари 12 баробаргача қимматлаши кутилмоқда

Вақтинча яшаш тахминан 350 долларга тушади

Россия ҳукумати миграция ҳужжатлари учун тўловларни сезиларли даражада ошириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Асосий ўзгаришларга кўра, Россия фуқаролигини олиш 4 200 рублдан 50 000 рублгача ошади; яшаш рухсатномаси («вид на жительство): 6 000 рублдан 30 000 рублгача кўтарилади. Вақтинчалик яшаш рухсатномаси («разрешение на временное проживание»): 1920 рублдан 15000 рублгача ошади;

Таклифнома ва визалар учун тўловлар ҳам бир неча баробар қимматлашади.

Шунингдек, хорижлик талабалар учун яшаш рухсатномаси 8 000 рубл, чет эл ишчиларини жалб қилиш (15 000 рублгача) ва йўқолган ҳужжатларни тиклаш (5 000 рубл) ҳам қимматлашади.

Айрим тоифалар, жумладан, Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузганлар ва ватандошларни қайта кўчириш дастури иштирокчилари божлардан озод этилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ўзгаришлар бюджетга 2026 йилда қўшимча 7,9 млрд. рубл, 2027 йилдан бошлаб эса йилига тахминан 15,8 млрд. рубл даромад келтириши мумкин.

Янги қоидалар 2026 йил 1 июлдан кучга кириши кутилмоқда.