Рўзадор одам эмланиши мумкинми?

Маълумки, юртимизда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари рамазон ойига тўғри келмоқда. Фуқароларда эса рўза тутган ҳолда ҳам эмланиш мумкинми, деган савол пайдо бўлиши табиий. ССВ Матбуот хизмати ушбу савол билан Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаевага мурожаат қилди.

— Рўзадор одамда қисман жисман толиқиш бўлади. Шундай ҳолатда ҳам вакцина қабул қилиш керакми?

— Рўза тутишда белгиланган талаб ва амалларни ўрганиб чиқсак, имкон қадар бемор одамлар ўз саломатликларини оғирлаштирмасликлари учун айрим касалликларда рўза тутмасликлари тавсия этилади.

Бундай ҳолатларда, эмлаш жараёнига таклиф этилган бўлсангиз ва шифокор кўрувида касалликнинг ўткир ҳолати ёки авж олган даври кечаётгани аён бўлса, бу фуқаролар эмланмайдилар.

Саломатлик кўрсаткичлари меъёрида бўлиб, ўзини соғлом деб хис қилган фуқаро рўзадор бўлиб, эмлашга таклиф этилган бўлсалар, шифокор уларни ҳолатларини ўрганиб чиқиб хулоса қилади.

Бунда фуқаро саломатлиги соғлом деб баҳоланиб, эмлаш тавсия этилган бўлса, унда эмлашдан кейинги даврда – шифокор билан боғланиб туришлари керак. Сабаби турли инсонлар организмининг вакцинага реакцияси турли хил бўлади. Шу боис, эмлаш олганлар шифокор тавсияларини бажаришлари талаб этилади.

Таъкидлаш керакки, инсонлар рўзаларини бузмай туриб ҳам эмланиш орқали организмда коронавирус инфекциясига қарши иммунитет ҳосил қилишлари мумкин.

Ўрни келганда айтиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати дунё уламолари хулосасига асосланиб, коронавирусга қарши эмлаш тери ости ва мушакка қилинадиган уколлардан бири бўлганлиги, бунинг устига озиқлантирувчи эмаслигини инобатга олган ҳолда вакцина олшиш жоиз экани, бу иш рўзани бузмаслиги бўйича баёнот берган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.