Рудакий ва Гагарин кўчалари чорраҳасидаги туннел қачон битади?

Самарқанд шаҳри йўл инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида Абу Даби тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан Мирзо Улуғбек ва Гагарин ҳамда Рудакий ва Гагарин кўчалари чорраҳасида иккита туннел ва пиёдалар учун ер ости ўтиш йўллари қурилиши режалаштирилиб, шу пайтгача битта йўл ўтказгичда ишлар якунланди.

Иккинчи – Рудакий ва Гагарин кўчалари чорраҳасидаги объектда эса бу жараён давом этмоқда.

Бу туннелнинг умумий узунлиги 500 метр бўлиб, 60 метри ер остидан ўтади, - дейди “Меъмор Ўткир Човка” МЧЖ мутахассиси Азим Бекмирзаев. – Йўлнинг кенглиги 17 метрни ташкил этади ва транспорт воситаларининг икки томонлама ҳаракати учун тўрт қаторли бўлади. Айни пайтда лойиҳа бўйича темир-бетон қуйиш, қозиқ устунлар ўрнатиш ва тупроқ ташиш ишларини бажаряпмиз. Ҳозиргача жами 737 та қозиқдан 432 таси ўрнатиб бўлинди.

Қурилиш ҳудудида 20 та махсус ва юк машинаси, 40 нафардан зиёд қурувчи-мутахассислар туну кун ишламоқда. Кунига 100 метрдан зиёд ҳудуд бетонлаштириляпти. Минг метр узунликдаги электр энергияси, табиий газ ҳамда ичимлик сув тармоқлари хавфсиз жойга кўчирилди.  Шунингдек, канализация ҳамда интернет алоқа тармоқларининг ҳам жойи ўзгартирилди.

Рудакий кўчасидаги 2 та ер ости пиёдалар йўлини Туркиянинг “Гуркал” қурилиш корхонаси ишчилари бунёд этмоқда.

-  Янги қурилажак ер ости йўлакларида пиёдалар учун барча қулайликлар яратилади, - дейди корхона иш бошқарувчиси Эраж Восезода. – Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун пандус, махсус лифт ўрнатилади.

Қурилиш жараёнида юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан бирга Россия, Туркия, Хитойдан олиб келинган арматура, темир конструкция ва безак учун ишлатиладиган қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда.   

Шунингдек, қурувчилар Гагарин кўчасидан Қорасув массивига боришда темирйўл устида қурилган кўприкни кенгайтириш ишларини ҳам олиб бормоқда. Ҳозирда мазкур ҳудуддда айрим объектларни бошқа жойга кўчиришга зарурат бўлганлиги сабабли ишлар вақтинча тўхтаб қолган.

Қурилиш маъсулларининг айтишича, Гагарин ва Рудакий кўчалари чорраҳасидаги туннел 2026 йилда фойдаланишга топширилади.

Дилмурод Тўхтаев,

Бахтиёр Мустанов (сурат).