Сабабларсиз вакцина олмаган ходим ишдан четлаштирилиши мумкин

- Мен ҳали “COVID-19” инфекциясига қарши эмланганим йўқ. Мени ишдан четлаштиришлари мумкинми? Ишдан четлаштирилсам иш ҳақим сақланадими, - дея савол берди самарқандлик Р.Ўлмасова.

Бу саволга ҳуқуқшунос Ўктам Комилов жавоб берди:

- Ҳа, “COVID-19” инфекциясига қарши эмланмасангиз, ишдан четлаштирилишингиз мумкин. Чунки Меҳнат кодексининг 113-моддасига 2021 йил 2 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан қўшимча киритилди. Ушбу моддага қилинган қўшимчага асосан карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг  ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи ходимни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги белгиланди.

Агар сиз Меҳнат кодексига киритилган ушбу асосга кўра ишдан четлаштирилсангиз, белгиланган тартибда эмланмагунингизгача ишдан четлаштирилган даврингиз учун иш ҳақи тўланмайди. Аммо эмлашга соғлиғингизнинг  ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлганда сиз ишдан четлаштирилмайсиз.