Самарқанд - Буюк ипак йўлида Ғарб-у Шарқни боғловчи мустаҳкам кўприк бўлган
Самарқанд - Буюк ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган. Тарих китобларини варақлайдиган бўлсак, бу кўҳна кент орқали Ғарб ва Шарқ мамлакатларида оламшумул воқеалар рўй берганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Масалан, эрамиздан олдинги V-IV асрларда қадим Юнонистон шоҳи Филип II ва унинг ўғли Александр Македонский барпо этган қудратли империя ўз сарҳадини кенгайтириш мақсадида Шарққа юриш қилиб, Ҳиндистонга қадар борувчи карвон йўлларини очади. Юнонлар Марказий Осиёни ишғол қилганларида ерли халқларнинг бой тарихи, урф-одатлари ва илму амалларига дуч келади, улардаги маъқул жиҳатларни ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Александр Македонский қадимги Суғд, яъни Самарқанд заминига келган вақтида зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”дан бир қатор бобларни таржима қилдириб олади. Ундан юз йил олдин эса машҳур юнон тарихчиси Геродот (эр. ав. 490-450) ўзининг “Тарих” китобида қадим Турон замини баҳодири алп Эр Тунга (Афросиёб) ва массагентлар маликаси Тўмарис ҳақидаги ҳикоятларга кенг ўрин берган эди. Ёки эрамиздан олдинги VII-VI асрларда битилган Гомернинг “Иллиада” ва Зардуштнинг “Авесто” китобларида тасвирланган оташ худолари Зевс ва Ахурамазда ёхуд “Одессия”даги паҳлавон Одессей билан “Алпомиш”даги Алпомиш сийратлари ўртасидаги ўхшаш жиҳатлар ғарб ва шарқ халқлари ўтмишида бир-бирига вобаста шаклланган воқеликлар андозаси эмасмикин.
Эрамизнинг VII-VIII асрларида арабларнинг Марказий Осиёни босиб олишлари, то Европанинг қоқ ўртаси (Испаниянинг Андолузия вилоятига қадар)гача етиб бориб, ерли халқларга ислом дини ва ислом маданиятини сингдиришлари ҳам Буюк ипак йўли сарҳадларининг кенгайишига, Шарқ ва Ғарб мамлакатлари ўртасидаги савдо-сотиқ, дипломатик ва маданий алоқаларнинг кейинги равнақига кенг имкон яратди.
IX-X асрларда Шарқда шаклланган ислом цивилизацияси (Шарқ Ренессанси – М.Х.) даврида Марказий Осиё ҳудудида етишиб чиққан ал-Фарғоний, ал-Хоразмий, ал-Фаробий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби буюк алломалар ҳам қадимги юнон Рим фалсафаси, фалакиёт, тиббиёт, фиқх ва адабиёт илмларини муфассал ўрганишган, ўз асарларида икки иқлим илмини вобаста талқин этиб, бой назарий ва амалий кашфиётлар яратилган. Бу кашфиётлар кейинчалик араб тилидан лотинчага ўгирилиб, бутун Европага тарқалган. Ғарб Ренессанси (XIV-XVII асрлар) даврида фалсафа, фалакиёт, тиббиёт, математика, хуқуқ ва адабиёт илмларининг ривожига ижобий таъсир кўрсатди.
XIII-XIV асрларда майдонга чиққан мўғул хонлиги Хитойдан то Польшага қадар катта территорияда ўз ҳукмини ўтказган эди. Улар ҳукмронлиги даврида Буюк ипак йўлининг мавқеи янада ошди, сарҳадлари кенгайди. Ғарб қиролликларидан мўғул хонлиги ва унинг пойтахти Қорақурум, ундан ўтиб то Хонбалиқ (Пекин)гача карвон йўллари орқали элчилар, савдогарлар, монах ридосидаги миссионерлар оқиб кела бошлаган. Сабаби, Ғарб қироллари ҳар қандай шароитда мўғул хонлиги билан алоқалар ўрнатиш, келишув битимлари тузиб уларнинг ғарбий Европага юришини тўхтатиб қолиш эди.
Дастлаб, XIII асрнинг биринчи ярмида мўғул хонлиги билан дипломатик алоқалар ўрнатган Рим папаси Иннокентий IV (1195-1254) ва Франция қироли Людовик IX (1226-1270) зўр бериб ҳаракат қилишган. Мўғул хонлигига йўл олган биринчи папа Иннокентий IV йўллаган монах Плано Карпини 1245 йилнинг 16 апрелида Франциянинг Лион шаҳридан йўлга чиқади ва Алп тоғларидан ошиб, рус ерлари орқали Волгабўйига етиб келади. У Сарой шаҳрида хон Боту ҳузурида ҳозир бўлиб, ўз хўжасининг ёрлиғини унга топширади.
Плано Карпинининг Хон Ботунинг ёрлиғи билан мўғул хонлиги пойтахти Қорақурум шаҳригача етиб боради ва папа Иннокентий IV нинг Куюк хонга аталган ёрлиғини тақдим этади. 1247 йилнинг 9 июнида ватанига қайтиб келган монах Плано Карпини папа Иннокентий IV га мўғул хонлиги, унда яшаётган халқларнинг турмуш шароити диний мазҳаблари, этник тартиби ва тил хусусиятлари ҳақида маълумот берувчи ўз ҳисоботини топширади. Плано Карпинининг ушбу кундалиги кейинчалик “Мўғуллар тарихи” (1965 йил) номи билан нашр этилди. Плано Карпини изидан 1245 йилда Франциянинг Лион шаҳрида йўлга чиққан Аскелин де Лонжюмо экспедицияси муваффақиятсиз якунланади. Аскелин де Лонжюмо 1245 йил қирол Людовик IX ёрлиғи билан мўғул хонлиги сари иккинчи марта йўлга чиқади. Лонжюма бу сафар Қорақурумгача етиб боради ва Мунке хон ҳузурида бўлиб, 1251 йилда Францияга қайтиб келади. Афсус, Аскелин де Лонжюмо саёҳати тафсилотларини баён этувчи ҳисобот кундалиги то бизгача сақланиб қолинмаган.
Ғарбдан Шарққа, Буюк ипак йўли бўйлаб мўғул хонлиги салтанатига сафар қилганлардан яна бир Франция қироли Людовик IX элчиси Гийом де Рубрук бўлиб, у ёзиб қолдирган “Шарқ мамлакатларига саёҳат кундалиги” китоби бизгача етиб келган. Мазкур китоб қўлёзмаси ҳозирда Кэмбриж университетининг кутубхонасида сақланмоқда. Ушбу китоб 1625 йилда инглиз, 1624 йилда француз ва 1911 йилда рус тилига ўгирилиб, чоп этилган.
Қирол Людовик IX Гийом де Рубрукни ёрлиқ билан элчи сифатида улуғ хон Мунке ҳузурига йўллар экан, аслида бундан уч мақсадни: мўғуллар ишғол қилган юртларнинг жўғрофий ҳолати ҳақида маълумот олиш, ғарб томон юриш қилиб келаётган мўғуллар билан тинчлик сулҳи тузиш, улар ишғол қилган ҳудудларда яшайдиган христиан динидаги халқлар тақдиридан воқиф бўлиш ҳамда уларни ҳимоялашни кўзлаган эди.
Гийом де Рубрук ўз ҳамроҳлари билан Орол денгизининг шимолидан ўтиб, Сирдарё ёқалаб юради ва Киншат (Бишкек) орқали даштга чиқади. Ниҳоят, 1253 йил 27 декабрда Мунке хон қароргоҳига етиб келиб, хон қабулида унга ўз қироли Людовик IXнинг ёрлиғини топширишга муваффақ бўлади.
XIII асрнинг иккинчи яримига келиб, италиялик сайёҳлар ҳам мўғул хонлигига саёҳат қилган. Улар орасида Венеция қироллиги фуқаролари – тоға-жиян Никола ва Маффео Пололар саёҳати жўғрофия илми тарихида муҳим аҳамият касб этади. 1260 йилда Константинопол (Истанбул) дан йўлга чиққан тоға-жиян 1266 йилда Хитой ерларигача борган. Ўз акаси ва амакиси билан бу саёҳатда иштирок этган ёш Марко Поло (1254-1324) орадан 4 йил ўтиб, яъни 1271 йилнинг май ойида мустақил йўлга чиқади ва Хитойга боргач, у ерда 17 йил муқим яшаб қолади. У 1395 йилда денгиз йўллари орқали ватани Италияга қайтиб келади.
Марко Поло отаси ва амакиси билан қилган биринчи саёҳати ҳамда ўзининг иккинчи саёҳати давомида кўрган-кечирганларини 1298 йилда котибларга айтиб ёздиради. Унинг “Китоб” деб номланган ушбу йўл хотираларида тасвирланишича, тоға-жиян Пололар Константинополдан йўлга чиқиб Қримдан Дон дарёси томон юрган ва Волгани кечиб ўтиб, Уралнинг шимолигача боришган, сўнгра орқага қайтиб Орол денгизи қирғоқларига етиб келишган. Оролнинг жанубидан юриб, Амударёни кечиб ўтган ва Хоразм ерлари орқали Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳарларида бўлишган, сўнгра Қашқар орқали Хитойга ўтган. Марко Поло иккинчи саёҳатини янги карвон йўллари йўналишида давом эттиради. “Китоб”да Поло биринчи саёҳати даврида ўзи кўрган Марказий Осиёдаги йирик шаҳарларга қисқача таъриф келтириб ўтади. Биз унда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари тавсифини ҳам ўқиймиз.
Марко Поло “Китоб”и, Гийом де Рубрукнинг “Шарқ мамлакатларига саёҳат кундалиги” ва Плано Карпинининг “Мўғуллар тарихи” китоблари илман ҳам, тарихан ҳам бой маълумотлар бергувчи, бугунда ҳам аҳамиятга молик бўлган манбалардан ҳисобланади.
XIII-XV асрнинг биринчи ярмига қадар Венециядан Марказий Осиё бўйлаб Хитой ва Ҳиндистонга қадар чўзилган Буюк ипак йўли орқали европалик элчилар, сайёҳлар ва монахлар мўғул хонлигига қарам шаҳарларда қўним топганлар. Ҳатто, улардан венгриялик Иоханн д`Ангри Бошқирдистонда, Журдон Катала ва Одорик де Перденон Эронда, Перегрино де Кастелло ва Монте Сорвино Хитойда, Жан де Кори Султонияда, Томас Монкароло Самарқандда қурилган христиан черковларида эпископлик лавозимларини эгаллашиб, насроний динни тарғиб ва ташвиқ қилганлар.
Хуллас, XII-XIV асрларда, яъни мўғуллар истилоси даврида европаликлар Крит ва Рус ерларидан то Қорақурум ва Хонбалиқ (Пекин)га қадар бўлган катта ҳудудда бемалол борди-келди алоқалари қилишган, элчилик миссияларини бажаришган, жойларда христиан черковлари қуришган. Ачинарли томони шундаки, гарчи мўғул босқинчилари XII-XIII асрларда Шарқ Ренессанси гултожи бўлган Марказий Осиё шаҳарларини вайроналарга айлантириб, мавжуд бойликларни талон-торож қилган бўлса, Ғарбдан келган миссионерлар Шарқ алломалари яратган қомусий асарларни ўз юртларига ташиб кетган. Айнан шу даврда ғарбликлар тарафидан олиб кетилган нодир қўлёзмалар Мадрид, Париж, Лондон, Константинопол ва Лион кутубхоналаридан жой олган.
Таниқли француз шарқшуноси Жан-Поль Рунинг таъкидлашича, ҳозир Лион шаҳри кутубхонасида 250 та туркий, форсий ва араб тилларида битилган нодир қўлёзмалар сақланиб келинади.
Муҳаммаджон Холбеков, филология фанлари доктори, профессор.