Самарқанд мева-сабзавотчилик корхоналарига Япония кредитлари берилади

Пандемия даври шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қабул қилди.

Унга кўра, Марказий банк вилоят бош бошқармаси тижорат банклари билан биргаликда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича банклар олдига қўйилган вазифалар ижроси таъминланади. Пандемия даврида давлатимиз раҳбарининг 16 та фармон ва қарорларидан банклар фаолиятига доир 5 та фармон ва 3 та қарорда белгиланган вазифалар ўз муддатида ва сифатли бажарилишига эътибор қаратилади.

2020 йил 1 августгача мева-сабзавот секторидаги корхоналарни молиялаштириш мақсадида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖАЙКА) томонидан ажратилган кредит линиясида иштирок этувчи тижорат банклари томонидан ресурсларнинг тўлиқ ишлатилиши таъминланади.

АТБ “Микрокредитбанк”, АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк”, ЧЭКИ “Ҳамкорбанк”, ва АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” вилоят филиаллари томонидан вилоятдаги экспортёрлар ҳамда кичик ва ўрта бизнес корхоналарини молиялаштириш учун “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси ҳисобидан Европа инвестиция банкининг кредит ресурслари жалб қилинади.

ТИФ “Ўзмиллийбанк” АЖ, АТБ “Асакабанк”, АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” ва АТИБ “Ипотекабанк” вилоят филиаллари Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг кредит линиялари ҳисобидан тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш режалаштирилган.

2020 йилда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбирларни ривожлантиришга қаратилган вилоят “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази” томонидан тасдиқланган лойиҳалар белгиланган тартибда молиялаштирилади.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига банк хизматлари соҳасида кўрсатилаётган хизматлар турларини янада кенгайтириш ва сифатини яхшилаш белгиланди.