"Самарқанд-Москва" йўналиши бўйича чипта пулини қайтармаган авиакасса ходими қамоққа олиниб, жиноят иши қўзғатилди
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни zarnews.uz cайтида Пайариқ туманида яшовчи фуқаро Р.Мўминова томонидан йўлланган “Пулимни ким ундириб беради? Москвага учолмай қолган бир мен эмасман” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Мақолада Пайариқ туманидаги авиакасса ходимидан "Самарқанд-Москва" йўналиши бўйича авиачипта олиб, қўлида билети бўлгани ҳолда учолмагани, узоқ вақтдан буён 8 миллион сўмдан ортиқ пулларини ҳам қайтариб ололмаётганини баён этилган. Фуқарога кўра, у Пайариқ туман ИИБга ҳолат бўйича ариза ёзган. 2021 йил август ойида ИИБ терговчиси уни чақириб, қўлига 2021 йил 28 январдаги “Жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида”ги қарорни тутқазган.
Мақола эълон қилингач, орадан бир неча кун ўтиб (4 ноябрь куни) ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси таҳририятга маълум қилди.
“Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг 2021 йил 8 июлдаги ижро варақасига асосан қарздор Ортиқов Хуршиддан ундирувчи Нормуратов Суннат фойдасига 7.886.250 сўм асосий қарз ва 315.150 сўм давлат божи, жами 8.201.400 сўм ундириш белгиланган ва суднинг ижро ҳужжати асосида бюронинг Пайариқ туман бўлими томонидан ижро иши юритилган.
Ижро тадбирлари давомида аниқланишича, фуқаро Хуршид Ортиқов Челак шаҳрида авиачипталар сотиш шохобчаси очиб, бир қатор фуқароларга сохта чипталар сотиб, қўлга киритган пулларни ўз манфаатлари йўлида ўзлаштириб юборган.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 421-моддасига асосан 2021 йил 23 августда қарздор Х.Ортиқовнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқларига вақтинча чеклов ўрнатилган.
Қарздорнинг яшаш манзили бир неча маротаба кўздан кечирилган, мутасадди ташкилотлардан тегишли маълумотлар олинган, бироқ унинг номида ва хонадонида ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулклари йўқлиги, қарздор Х.Ортиқовнинг ўзи ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилда 2020 йилдан буён яшамаётганлиги аниқланган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор Х.Ортиқовдан ундирувчи С.Нормуратовнинг фойдасига 250.000 сўм ундирилган. Ҳозирги кунда қарздорликни мажбурий тартибда ундириш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, Пайариқ туман ИИБ тергов бўлимидан олинган маълумотга кўра, 2021 йил 4 ноябрда қарздор Х.Ортиқовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан (фирибгарлик) жиноят иши қўзғатилиб, у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси муносабатида.