Самарқанд номини нега юнонча талаффуз қилишимиз керак?

Ватанимиз ўтмишини ўрганишда муҳим бўлган осори-атиқалар ва ёзма манбалардан ташқари, яна бир манба борки, бу жой номларидир. Жой номлари маънавиятимиз кўзгуси бўлган тил маҳсули. Топонимлар ниҳоятда бой бўлиб, улар ўз ичига она юртимиз ҳудудидаги қишлоқ ва шаҳарлар, туман ва вилоятлар, маҳаллалар, кўчалари ҳамда гузарлар ва бекатларининг номларигача қамраб олади. Улар орасида маъноси жамоатчиликка таниш бўлмаган, ноаниқ тарихий жой номларидан тортиб, яқин замонларда ўтган тарихий шахс номлари ҳам учрайди. Шу боис ҳам жой номларини ўтмиш муҳри, десак бўлади. Албатта, давр ўтиши билан уларнинг номланиш шакли ва мазмуни ўзгариши мумкин.

Республика топонимик комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 октябрдаги “Географик обектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ жой номларини номлаш мақсадида географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалалари бўйича туманлар комиссияси томонидан таклиф этилаётган номларни давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича солмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо ҳали қиладиган ишлар талайгина. Булардан бири маҳаллий ва тарихий номлардан воз кечиб, барча туман, шаҳар ҳамда маҳаллаларда ёппасига бир хил номлар билан аташ урф бўлаётганлигидир. Бундай номлар сирасига кирувчи Навбаҳор, Нурафшон, Нуробод, Гулистон, Фаровон, Саховат каби номлар шу пайтгача етарли даражада бўлса-да, айни пайтда  кун сайин кўпайиб бормоқда. Бундай ҳолатлар ҳар бир туманда мавжуд бўлиб, турли англашилмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Масалан, Нуробод - Самарқанд вилояти тумани, Андижонда шаҳар номи, Тошкент вилоятида шаҳарча. Нурафшон (собиқ Тўйтепа ўрнида) - Тошкент вилояти маркази. Яна ҳар бир туманда маҳалла номи. Бўстон (Эллик қалъа тумани маркази), Андижонда туман номи. Бунақа шаклдаги жарангдор номлар сони кун сайин ортяпти. Ҳатто тарихий жой номларига ҳам шундай номлар қўйилмоқда.

“Географик обектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида объектга берилаётган ном унинг ўзига хос бўлган белгиларини акс эттириши, мазкур географик объект жойлашган ердаги бошқа географик объектлар номларининг мавжуд тизимига мос тушиши, маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш, қоида тариқасида, кўпи билан учта сўздан иборат бўлиши талаблари кўрсатиб ўтилган.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, географик объектларнинг номларини белгилаш тартибидир. Географик обектларнинг номлари ҳудудни картография қилиш, топонимик тадқиқотлар ўтказиш вақтида, номлар бериш, ўзгартириш таклифлари тайёрланаётганда тегишли давлат ҳокимияти, бошқарув органлари, маҳаллий аҳоли, ўлкашунослар, географлар, тарихчилар ва бошқа мутахассислар ўртасида сўровлар ўтказиш асосида белгиланиши лозим. Шу боис ҳам топоним комиссия таклифни тайёрлашда ўша жойдаги қариялар, маҳаллий зиёлилар, хусусан, мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти, географ ва тарихчи ўқитувчилари билан маслаҳатлашиб кўча ёки маҳаллага ном берса, мақсадга мувофиқ бўлди. Шошма-шошарлик билан берилган номни вақти келиб яна ўзгартиришга тўғри келиши, ортиқча харажат ва аҳолининг норизолигини келтириб чиқариши мумкин.

Бир неча йил олдин Самарқанд шаҳри туманларга ажратилиши ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Бешта тумандан бири Мароқанд деб номланиши таклиф этилган эди. Назаримизда, Мароқанд Самарқанднинг юнонча талаффузи бўлиб, бу Самарқанднинг такрор номидир. Бу масалани жиддий ўйлаб кўриш керак. Эҳтимол, Амир Темур ёки Ялангтўш Баҳодир номини қўйиш маъқулроқдир.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида Мароқанд номи билан аталувчи ташкилот ва корхоналар кун сайин кўпайиб бораётганлиги ҳам ажабланарли. Масалан, “Мароқанд обод” унитар корхонаси, “Мароқанд нефт базаси” МЧЖ, “Мароқанд” МФЙ, “Мароқанд травeл” сайёҳлик фирмаси, “Мароқанд деҳқон бозори” МЧЖ, “Мароқанд сифат текстил” МЧЖ, “Афросиёб-Мароқанд” МЧЖ, “Мароқанд мева сабзавот” МЧЖ, “Мароқанд” карате клуби, Мароқанд кўчаси, “Мароқанд” ресторани, Мароқанд боғи, “Мароқанд ош”, “Мароканд СПА ҳотел”, “АИР МАРОКАНДА” МЧЖ, “Мароқанд миллий таомлар кафеси” каби номлар шулар жумласидан. Булар аксарият ҳолларда турли тилларда, ўзбекча шакллар ҳам имло қоидаларига зид равишда, хатоликлар билан ёзилмоқда.

Хўш, “Мароканда” номи қандай маънони англатади? Бу - Самарқанднинг юнонча номи. Аслида шаҳарнинг қадимий номи суғд ёзма манбаларида “Самараканса” номи билан қайд этилган бўлиб, юнон тарихчилари ўзларининг талаффузига мослаштириб, Мараканда шаклида номлашган ва ХVII асрдан бошлаб Европа тарихчилари асарларига шу ном билан киритилган. Шундай экан, нега биз Самарқанд номини юнонча талаффуз қилишимиз ва расмийлаштиришимиз керак?

Давлат тили департаменти ҳузуридаги Давлат тилида ишюритиш ва малака ошириш марказида milliynom.uz платформаси тузилган бўлиб, унда жамиятнинг барча жабҳалари, жумладан, меҳмонхона, ошхона, новвойхона, каҳвахона, ресторан, тўйхона, сартарошхона, гўзаллик салонлари, дўконлар, пойабзал устахонаси, тикувчилик, касаначилик корхоналарининг миллий номлари бўйича мингдан ортиқ номлар рўйхати жойлаштирилган. Лицензия берадиган ташкилотлар уларга ушбу масалада мурожаат қилган тадбиркор ва ишбилармонларга ушбу платформада қайд этилган намуналар асосида ташкилотга ном берилишини талаб қилганида бунчалик ажнабий номланишлар кўпайиб кетмас эди.

Шаҳримизнинг айрим кўча номлар ҳалигача русча талаффузга мослаб ёзилаётганлиги ҳам ачинарли. Масалан, Самарқанд шаҳридаги Кандия (аслида Қандия), Малококандская (Кичик Қўқон), Устабаева ( Устабоев), Уста Кули (Уста Қули) ва ҳакоза.

“Географик обектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасидаги географик объектларнинг номларига доир талабларга кўра, “кўчалар, шоҳкўчалар, маҳаллалар, майдонлар, боғларга ва аҳоли яшаш пунктларининг бошқа таркибий қисмларига айрим одамлар, жамоат арбоблари, сиёсий арбобларнинг исм-шарифини беришга қоида тариқасида йўл қўйилмайди. Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахслар бундан мутасно”, деб белгиланган. Афсуски, М.Собиров, Н.Худойқулов, Н.Самиев сингари киши номлари билан аталувчи кўчалар талайгина.

Она тилимизда спорт-соғломлаштириш маркази, ўқув маркази, маданият маркази сингари бирикмали номларга кўзимиз ўрганди. Аммо кейинги пайтларда “ош маркази”, “сомса маркази”, “манти маркази” сингари пешлавҳалар пайдо бўляпти. Улар тилимизда фаол қўлланишда бўлган хона (чойхона, ошхона, мантихона, сомсахона)лар ўрнини эгаллаб олмоқда. Шунингдек, “меҳмонхона” ўрнида “ҳотел”, “ҳаус”, “ҳостел” номларини қўллаш ҳам урфга айланмоқда.

Шаҳримиз кўчаларида турли тилларда аралаш-қуралаш тарзида ёзилган кўрсаткич, пешлавҳа ҳамда пештоқ ёзувларини кўриб, таъбингиз хира бўлиши табиий. Янги ўзбек лотин алифбосини жорий этиш масалалари бўйича ишчи гуруҳ таркибида бўлиб, турли соҳа вакилларига асосий ёзувлар янги ўзбек лотин алифбосида бўлиши зарурлигини тушунтириш, тарғибот ишларини олиб боришга тўғри келди. Негадир, тадбиркорлар ўртасида рус ва Ғарб тилларида ёзиш устунлик қиляпти. Халқаро миқёсида тарқалган брендлардан хабардормиз. Аммо ўзимизнинг миллийлигимизни тарғиб қилувчи брендлардан ҳам фойдаланиш харидорларга тушунарли ва қулай бўлиши, афзаллик томонлари борлигини кўпчилик англаб етмаяпти. Масалан, “Ишонч”, “Атлас”, “Узум” сингара миллий брендларимиз борку!?

Ўзбекистон Республикасининг “Реклама ҳақида”ги Қонуни янги таҳрирининг 6-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Давлат тилида тарқатилиши, бошқа тиллардаги таржимаси такрор берилганда асосий мазмуни бузилмаслиги ҳамда пастки қисми горизонтал ҳолда жойлаштирилиб, умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги, ҳарфининг ўлчами кичик бўлиши кераклиги кўрсатилган.

Афсуски, айрим мулкдорлар ҳамон реклама ишларини ажнабий тилларда олиб боришда давом эттирмоқда.

Бундай ҳолатларни бартараф этиш учун биринчи навбатда, фуқароларимиз онгига Ватан туйғуси, Давлат тили, миллий мафкура, миллий ғоя сингари туйғуларни сингдириш юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтиришга эҳтиёж туғилмоқда. Чунки кишилар онгини ўзгартирмасдан туриб, жамият ҳаётини ўзгартириш анча мураккаб кечади.

Хуллас, маънавият кўзгуси бўлган жой номларини “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунда белгилаб қўйилганидек, тарихийлик ва миллийликни ҳисобга олган ҳолда, шошма-шошарликка йўл қўймасдан, янги ўзбек лотин алифбоси имлоси қоидаларига мувофиқ расмийлаштириш ҳамда ёзиш ўта долзарб масалалардан бири. Бу жараённи амалга ошириш фақат масъулларнинг эмас, ҳар бир фуқаронинг бурчи.

Муродқосим АБДИЕВ,

Давлат тилида иш юритиш ва малака ошириш марказининг вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, профессор.