Самарқанд шаҳар ҳокими беморлар учун тайёрланган ётоқхоналар ва туғруқ мажмуасидаги шарт-шароитларни ўрганди

Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов олий таълим муассасаларининг ётоқхонасида яратилган шароитлар билан танишди.

Ҳоким мазкур ётоқхоналарда "COVID-19" касаллигига чалинган беморлар билан бирламчи мулоқотда бўлган фуқаролар жойлаштирилишини ҳисобга олиб, у ердаги муаммо ва камчиликларни ўрганди. Карантинда сақланадиган фуқароларни ўз уйидагидек, қулай шароитда яшашлари учун айни пайтдаги мавжуд муаммоларни тезда бартараф этиш мақсадида мутасаддиларга тушунчалар берди. Бинони тўлиқ ичимлик суви, газ, электр энергияси ва бошқа турдаги шароитлар билан таъминлаш ҳамда бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини таъкидлади.

Шундан сўнг ҳоким Самарқанд шаҳридаги 1-туғруқхонада коронавирус аниқланган беморларнинг даволаниши учун ташкил этилган имкониятларни кўрди. Яқинда келтирилган сунъий нафас етказиб берувчи аппаратларнинг тайёрланган ҳолати билан танишиб, захирада бўлган 61 турдаги дори воситаларини кўздан кечирди.

Б.Облоқулов беморларни даволаш ҳамда касалликда гумон қилинган фуқаролар учун 7 та тиббиёт муассасаси, 2 та меҳмонхона ва таълим даргоҳларининг ётоқхоналарида 5561 ўринли жой ҳозирланганини таъкидлади.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.