Самарқанд шаҳри қишки мавсумга қандай тайёрланмоқда?

Шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш бўйича журналист ва блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб журналистлар шаҳарнинг Кулоллар маҳалласида жойлашган, жорий йил Инвестиция маблағлари асосида қайта таъмирдан чиқарилган 43-мактабгача таълим ташкилотида бўлди. Икки миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган мазкур МТТда 60 нафардан зиёд болажонларга 12 нафар ўқитувчи ва тарбиячилар сабоқ бермоқда. Муассаса табиий газ ва электр энергиясига мослаштирилган 2 та замонавий печлар ёрдамида иситилади.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари 71-мактабгача таълим ташкилоти ҳамда «Sam Golden kids» нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳам бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди.
Пресс-тур иштирокчилари вилоят Матбуот уйида шаҳар ҳокими Б.Облоқулов билан учрашиб, ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган аҳоли қатламини уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотларга эга бўлди.
Таъкидландики, 2021 йил давомида 853 нафар фуқарога субсидия ажратилиши белгиланган. Бироқ ҳозирга қадар 3800 га яқин аризалар қабул қилинган. Улардан 853 таси ижобий хулоса олган бўлса, 1252 та аризага рад жавоби берилган. Қолган мурожаатлар махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Ўтган йили 533 та ижобий хулоса олган фуқароларга молия бўлимлари томонидан 20,331 миллиард сўм, тижорат банклари томонидан эса 133,5 миллиард сўм ипотека кредитлари ажратилган.
Самарқанд шаҳрида 1024 та кўп қаватли уй-жойларга 115 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва 11 та профессионал бошқарув ташкилотлари хизмат кўрсатади. Жорий йилда шаҳардаги 7,8 миллиард сўм ажратилиб, 40 та лифтлар янгисига алмаштирилди, 227 та эски лифтлар эса жорий таъмирланди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида 140 та кўп хонадонли уй-жойларнинг том қисми жорий, 105 та уйнинг фасад қисми, 58 та уйнинг ертўласи, 26 та кириш йўлаклари таъмирланиб тартибга келтирилди. Ташқи ёритиш тизимлари, ирригация ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Самарқанд шаҳридаги РK-2 қозонхонасини “FCG Design and Engineering Ltd” (Финландия) компанияси билан тузилган шартномага асосан модернизация ва реконструкция қилингач, А ва Б кичик туманлар, Суғдиёна ва Сартепа массивларида жойлашган 381 та кўп қаватли уйларда марказлашган иссиқлик таъминоти қайта тикланади.
- Шаҳримиздаги 193 та маҳалладаги 119,2 мингта хонадон табиий газ, қолган маҳаллалардаги 6873 та аҳоли хонадонлари эса суюлтирилган газ билан таъминланган, - дейди Б.Облоқулов. – 2,7 километр газ қувури мукаммал таъмирланиб, 1,5 километр газ қувури реконструкция қилинди. Беш дона стационар, 2344 дона газ тақсимлаш қутилари таъмирланди. Айни пайтда тармоқлар орқали 78 минг метр.куб/соат табиий газ берилмоқда. Бироқ шаҳар аҳолисини етарли миқдорда таъминлаш учун 150 минг метр. куб/соат табиий газ талаб этилади. Қишнинг совуқ кунларида ғафлатда қолмаслик учун соҳа мутахассислари билан иш олиб боряпмиз.
Матбуот анжуманида мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.
Ҳ.ЭЛТОЕВ (фото).