Самарқанд шаҳрида ўта оғир турдаги жиноятлар кўпайди
Самарқанд шаҳрида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича идоралараро ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Таъкидланишича, йил бошидан буён шаҳарида содир этилган умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга (249-171) камайган бўлса-да ўта оғир турдаги жиноятлар (3-4) кўпайган.
Йиғилишда Анҳор, Сўзангарон, Шукрона, Тинчлик, Кўксарой маҳаллаларида содир этилган жиноятлар атрофлича таҳлил этилиб, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар муҳокама қилинди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Тошпўлатов жиноятчиликка қарши курашиш борасида жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар кутилмаган самарани бермаётганлигини қайд этди. Шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш борасида идоралараро ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар билан йиғилганларни таништириб, келгусида жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича таклифларини билдирди.