Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон – Қирғизистон туризм форуми бўлиб ўтди

Унда Қирғиз Республикасидан келган ва Самарқандда фаолият кўрсатаётган сайёҳлик соҳаси масъуллари, тадбиркорлар иштирок этди.

Шунингдек, форумда айни пайтда ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси ўринбосари Нурланбек Азигалиев қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, хусусан, Марказий Осиёда ягона сайёҳлик йўналишини ташкил этиш, бу борада Қирғиз Республикаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Таъкидланишича, 2024 йилда Ўзбекистонга 2 миллиондан ортиқ қирғизистонлик сайёҳ келган. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон шаҳарлари ўртасида ҳар куни 11 та авиақатнов амалга оширилмоқда. Икки давлат фуқаролари ID карта орқали чегарадан ўтиб-қайтади.

Қирғиз Республикаси туризм тараққиётини қўллаб-қувватлаш фонди президенти Қ.Рисалиев Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик туризм йўналишида ҳам жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Мазкур форум эса бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилишини қайд этди.

Форумда икки мамлакат туризм салоҳияти, мавжуд имконият ва ресурслари ҳақида соҳа масъуллари томонидан тақдимотлар ўтказилди.

Бундан ташқари, форумда Самарқанд шаҳридаги халқаро туризм маркази, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети фаолияти ҳақида маълумот берилди.