Самарқанд шаҳрида ташкил этилган қўл жанги бўйича халқаро турнир якунланди

Қўл жангининг профессионал Р-1 йўналиши бўйича илк марта ўтказилган ушбу нуфузли халқаро турнирда 6 та жанг ўтказилди.

Рейтинг жангида дастлаб қирғизистонлик Бекулан Сайибжан улу ҳамюртимиз Фирдавс Раҳимовни енгди.

Сўнгра рингда яна бир ҳамюртимиз Шаҳноза Раҳмонова россиялик Анна Емеляненко билан беллашди. Бу жангда Шаҳноза Емеляненкога имкон қолдирмади.

Шунингдек, жангларда ўзбекистонлик Абдураҳмон Фозилов тожикистонлик Имомали Сафаралини, Жамшид Раҳмоналиев туркманистонлик Руслан Мемедҳасановни, Миршод Жаъфаров америкалик Тайсон Марсел Гарнерни енгди.

Турнирнинг асосий жанги ҳамюртимиз, қўл жанги бўйича жаҳон чемпиони Жаҳонгир Жумаев ва россиялик Магомед Ибрагимов ўртасида кечди. Унда Жаҳонгир рақибини нокаутга учратди.

Асосий жанг ғолиби 2000, иккинчи ўринни эгаллаган спортчи 1000 АҚШ долларига эга бўлди.

Рейтинг жанглари ғолибларига 1000, иккинчи ўрин соҳибларига 500 доллар берилди.