Самарқандда қўл жанги бўйича илк бор халқаро турнир ўтказилади

Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида 15 июнь куни соат 19:00 да профессионал қўл жанги бўйича Р-1 йўналишида илк маротаба халқаро турнир ўтказилади. 14 июнь куни соат 10:00 да вилоят мусиқали драма театри олдидаги саҳнада иштирокчилар психологик юзма-юз учрашади ва тарозидан ўтади.  

Унда Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, АҚШ ва ўзбекистонликлар асосий ва рейтинг жангларини олиб боради. Асосий жангда ғолиб бўлган иштирокчига 2 минг ва иккинчи ўринни эгаллаганга 1 минг АҚШ доллари берилади. Рейтинг жанглари учун эса, биринчи ўрин ғолибига 1 минг иккинчи ўринга 500 АҚШ доллари ажратилган.

Москвада бўлиб ўтган жангда россиялик (Доғистон) Магомед Ибрагимов билан мач реванш йўналишида жанг олиб борган ўзбекистонлик Жаҳонгир Жумаев ғолиб бўлганди. Улар бу турнирда асосий жангда дуч келишади. Россиялик Вячеслав Риябов ва америкалик Кенний Гарнер ҳам асосий жангда рингга чиқади.

12 нафар профессионал спортчиларнинг беш нафари ўзбекистонлик бўлса, шундан икки нафари самарқандлик Фирдавс Раҳимов ва Абдураҳмон Фозилов ҳам рақиблари билан рейтинг жангида куч синашади.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.